Европада сувни тежамаса - жарима. Бизда-чи? Жарима йўқ: сув исроф қилиниб, оқизилмоқда

Европа давлатларига қурғоқчилик таҳдид солмоқда. Иқлим ўзгариши, янги воқеликка етарлича мослаштирилмаган инфратузилма ва ортиқча сув истеъмоли – буларнинг барчаси одамларнинг нормал ҳаётига таҳдид солмоқда.

Италиянинг Верона ҳукумати ичимлик сувидан техник эҳтиёжлар учун фойдаланишни тақиқлашга қарор қилди: душ, автомобиль ювиш, боғларни суғориш, бассейнларни тўлдириш...

Европада сув истеъмоли бўйича швейцарияликлар рекорд ўрнатмокда, уларда киши бошига кунлик сув истеъмоли 300 литрга етмоқда. Италияликлар ҳам тежамкорликда ортда - 245 литр сарфлайди.

«Энди Верона аҳолиси ўз одатларини ўзгартириши керак. Бу тўғри - сув, шунингдек, газ ва электр энергиясини сарфлашда ўта тежамкорлик зарур», «Албатта, сувни беҳуда қуявериш нотўғри, лекин жарималар жуда юқори», дея фикрлайди европаликлар.

Хуллас энди 31 августга қадар ичимлик сувидан тақиқланган мақсадларда фойдаланиш ниятида бўлган Верона аҳолиси 500 еврогача жарима тўлашига тўғри келади.

Беихтиёр ўйлаб қоласан. Хўш, бизда сувни тежаш борасида аҳвол қандай? Ҳаёт манбаи бўлган сувни оқилона ишлатяпмизми?

Менингча, бу саволга «ҳа» деб жавоб берувчилар саноқли. Чунки сувни «шарқиратиб» кўчага сепилиши, машиналар ювилиши, ҳатто яқинда ўзим гувоҳ бўлганим - тарвуз-қовунни совутиш учун жўмракни унинг устидан очиб қуйиш ва бошқаларни кузатиш мумкин. Бу ҳам етмаганидек, бебаҳо неъматнинг турли жойларда бузуқ жўмраклардан оқиб ётганини кўриб юраги ачиб кетади кишининг.

Бундай кимсаларнинг виждони уйғониши учун нима қилиш керак? Балки бизда ҳам сувни шафқатсизларча исроф қилаётганлар учун жарима қўллаш керакдир?! Сиз нима дейсиз?

Гулнора Холдорова.