Форель балиқлари Булунғурда етиштирилади
Форель балиқлари бугунги кунда дунёда энг кўп истеъмол қилинаётган, харидорбоп ва экспортбоп балиқ тури саналади.
Жорий йилда Самарқанд вилояти бўйича 30 минг тонна балиқ етиштириш, 45 миллиард 445 миллион сўмлик 30 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 3 та лойиҳа ишга туширилиши эвазига 8 та янги иш ўрни яратилди.
Жумладан, Булунғур туманидаги “Булунғур феникс сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан Испаниянинг “Никами” фирмаси билан хамкорликда форель балиқлари етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. 30 миллиард 240 миллион сўмлик ушбу лойиҳа тўла қувват билан иш бошлагач, 10 та янги иш ўрни яратилади ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Маълумот ўрнида: вилоятда 458 та балиқчилик хўжалиги бор ва уларга 8 минг 972 гектар майдон ажратилган. Шундан 7 минг 479 гектари табиий ва 1 минг 493 гектари сунъий сув ҳавзаларида жойлашган.
Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.