Фармон Тошев: Биз ўзгаряпмизми?
Фикримни битта мисол билан тасдиқлашга уринаман. Бундан уч йил аввал махсус дастур асосида ҳар бир туманда биттадан намунали кушхона қурилди. Уни тадбиркорлар ўз маблағи ҳисобидан қурди, кўпчилиги банкдан кредит олди. Уларга "Туман ҳудудидаги барча моллар шу ерда сўйилади, қўйган сармоянгиз қисқа муддатда ўзини оқлайди", деб ваъда бердик. Аммо…
Кушхоналар очилгандан кейин унинг фаолияти билан ҳеч ким шуғулланмади, ноқонуний қассобхоналар фаолиятини давом эттираверди. Оқибатда янги кушхонага замонавий техника воситаси, ускуна келтирган ишбилармон пулига куйиб қолаверди. Сабаби аниқ – мутасаддилар дастур асосида кушхонани ишга тушириб, масалага нуқта қўйишган. Ҳокимнинг тегишли ўринбосари, ДСЭНМ, ветеринария хизмати мутасаддилари шу ҳудуддаги молларнинг айнан кушхонада сўйилишини ташкил этмаган. Чунки бу ишни улардан ҳеч ким сўрамаган.
Ўзгариш, энг аввало, ишга масъулият билан ва ижодий ёндашишда кўринади. Мисол учун, кеча вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов ўтказган йиғилишда бир нарса маълум бўлди.
Вазирлар Маҳкамаси «Ургут» эркин иқтисодий зонасида лойиҳаларни ишга тушириш, хизмат кўрсатиш тизимини, инфратузилмани яратиш бўйича дастурни тасдиқлаган. Ҳар бир юмушнинг муддати, молиявий манбаси кўрсатилган.
Ўрганишда аниқланишича, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосари ҳам, туман ҳокими ҳам, мутасадди идоралар ҳам бир ерга тўпланиб, муаммолар ечимини муҳокама этмаган. "Менга пул туширса ёки ускунани келтирса қиламан", тарзида ишлаган. Ўз соҳасига тегишли муаммони ечиш учун жон куйдирмаган. Натижада кўплаб лойиҳаларни ишга тушириш муддати ўтиб кетган.
Айрим тадбирларни амалга оширишда бирёқламалик, ишга ижодий ёндашмаслик ҳали ҳам учраяпти. Президентимиз ҳар бир чиқишида жамоатчилик кучига таяниш зарурлигини таъкидлаяпти. Вилоят ҳокими жамоатчилик назорати гуруҳини шакллантирди.
Минг афсуски, айрим ташкилот, идора раҳбарлари бундай тажрибани қўллашни хаёлига ҳам келтирмаяпти. Аниқроғи, ўз фаолиятларида очиқликни таъминлашни, нафақат жамоатчилик, ҳатто ўз жамоаси билан машварат қилишни ҳам исташмаяпти.
Телевизорга, газетага чиққани ёки интервью бергани учун ходимлар қувғинга, тазйиққа учраяпти. Ваҳоланки, раҳбари ёки мутасадди ходими ишдан бўшатилгани билан ўша жойдаги муаммолар ҳал бўлмаяпти. Бундай раҳбарларга жамоатчилик билан бирга ўзига тегишли муассасага бориб, аҳволни ўрганиш, камчиликларни тугатиш яхши самара беришини тушунтириш қийин кечяпти. Чунки улар кадрлар танлашни пинҳона бажаришга, камчиликларни эса яшириб, хаспўшлашга ўрганиб қолишган.
Энг ёмони, бундай раҳбарлар ўз ходими билан чин дилдан маслаҳат қилиб, унга жўяли маслаҳат бера олмайди, аниқроғи, "паст кетгиси" келмайди.
Саволим ҳам ўшаларга: Сиз қачон ўзгарасиз?