Фаровон истиқбол бунёдкорлари касаба уюшмалари эътиборида

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санаси мамлакатимизда Президентимиз таклифи асосида “Ёшлар куни”, деб эълон қилинганди.
"Ҳақиқатан ҳам биз, ота-оналар, устоз ва мураббийлар сизларни, бутун Ўзбекистон ёшларини Ватанимиз, жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучи, деб биламиз ва сизлар ҳамиша халқимизнинг мана шундай юксак ишончига муносиб бўласиз, деб ишонамиз.
Сизларга яхши маълум, ҳозирги вақтда юртимизда“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!”, деган шиор кенг тарқалиб, ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Лекин Ўзбекистоннинг мана шундай ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ким ўз зиммасига олади?
Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган сиз, азиз ёшларимиз майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирсиз", дея ёшларга юксак ишонч билдирганди Президентимиз ўша маросимда.
Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ёшларнинг турмуш шароитини яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Меҳнат жамоасида ёш мутахассисларнинг меҳнат жараёнига кўникиб кетишлари учун “Устоз – шогирд” анъанасини тизимли йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада жамоа шартномалари ва келишувларига киритилган ёшларга оид бандларнинг тўлиқ бажарилишини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида жамоа шартномаси ва келишувлар орқали 28 нафар икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди. Тармоқ корхоналарда 34 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилди.
Жамоа шартномаси ва келишувлар орқали кам таъминланган 306 нафар ёш оилалар вакилларига корхоналар ҳисобидан 41,8 миллион сўм, касаба уюшмасидан 11,7 миллион сўм моддий ёрдам берилди.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали шу йилнинг январь-март ойларида 1256 нафар меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун саёҳатлар уюштирилди. Бу саёҳатчиларнинг 354 нафарини ёшлар ташкил этади. 2020 йилнинг январь-март ойларида 281 та меҳнат жамоаларида “Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик – бебаҳо неъмат” мавзусида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Тадбирларда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 10 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Касаба уюшмалари томонидан йилнинг биринчи чорагида “Беш ташаббус - беш имконият” лойиҳаси доирасида 100 дан ортиқ ёшларнинг театр ва музейларга ташрифи ташкил этилди. Шу даврда тармоқ касаба уюшмалари туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ёшлар билан 3 маротаба учрашувлар ўтказилди ва унда 600 нафар ёшларнинг иштироки таъминланди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан жорий йилнинг 1 март куни вилоятдаги барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларидан, вилоятнинг олис ва чекка қишлоқларида турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган 675 нафар хотин-қизлар, жумладан, 214 нафар ёшлар Самарқанд шаҳри бўйлаб зиёрат-саёҳатига таклиф этилди ва Самарқанд шаҳридаги “Диёра” базмгоҳида “Муқаддас аёл” номли концерт дастури ташкил этилди.
“Касаба уюшмалари стипендианти”га муносиб деб топилган Самарқанд давлат университети биология факультети 2-босқич талабаси Шаҳноза Аблоқуловага 6 ой давомида энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида касаба уюшмаси стипендияси ажратилиб борилди.
Ёш касаба уюшма аъзоларини, шунингдек, олий таълим муассасаларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабаларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соғлиғини муҳофаза қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган «Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ёшларни соғломлаштириш» лойиҳаси доирасида Самарқанд ветеринария медицинаси институти 2-босқич талабаси Хумоюн Раҳматуллаевга бепул йўлланма ажратилди.
Самарқанд шаҳридаги 75061-ҳарбий қисмда “Ватанимга таянчман” мавзусида ватанпарварлик соати тадбири ўтказилди. Тадбирда мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, қуролли кучларни ислоҳ қилишдаги ютуқлар, миллий армиямизнинг ватанимиз мустақиллиги, суверенитетини сақлаш ҳамда сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш тўғрисида фикрлар юритилди. Ҳарбий қисмда бўлиб ўтган учрашувда хизмат қилиш жараёнида юксак намуна кўрсатган 25 нафар ёш ҳарбий хизматчиларга бадиий китоблар туҳфа қилинди.
Улғайиб келаётган авлодга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Март ойида вилоят касаба уюшмаси томонидан “Аёллар ва ёшлар меҳнат муҳофазаси эътибор марказида” амалий мулоқот тадбири бўлиб ўтди. Мулоқот давомида корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ногиронлар, аёллар ва ёшлар меҳнатида “Тенг ҳуқуқлар – тенг имкониятлар” тўғрисида аниқ вазифалар белгилаб олинди.
“Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Самарқанд шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйи тарбияланучиларига 100 дан ортиқ турли китоблар топширилди.
Касаба уюшмалари томонидан ёшларни иш билан таъминлаш борасида ҳам ишлар олиб бормоқда. Бугунги кунда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашлари томонидан 12 нафар ёшларни иш билан таъминлашда кўмаклашилди.
Булар зиммамизга юкланган вазифаларнинг бир қисми, холос. Олдимизда эса янада масъулиятли вазифалар турибди. Уларнинг энг асосийларидан бири - 5 муҳим ташаббус ғоясини ривожлантириш борасида доимий ҳаракатда бўлиш.
Бу борада зарур режаларга эгамиз. Масалан, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнаткашлар учун қулай шарт-шароитлар яратишни рағбатлантириш мақсадида “Энг масъулиятли ёш иш берувчи” танловини ташкил этишга эътиборни қаратамиз.
Ёшларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш орқали ўз иқтидор ва истеъдодларини кенг намоён этишлари учун имкониятлар яратиб бериш ҳам устувор вазифаларимиздан биридир.
Ёшларнинг, айниқса, таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашиши ва иш жойларида қўним топиши юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва мониторинг олиб боришни намунали ташкил этиш юзасидан ҳам касаба уюшмаларининг ўз йўналиши бор.
Касаба уюшмалари ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар, айниқса, чекка туманлардаги ёшлар учун республиканинг тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига саёҳатларни ташкил этишнинг муҳимлиги ҳеч кимга сир эмас.
Касаба уюшмалари сафини фаол ёшлар билан тўлдириш юзасидан ҳам режаларимиз бор. Бу борада турли бўғинларда кўнгиллилар (волонтёрлар) гуруҳларини ташкил этишнинг ўрни беқиёс.
Ёшлар ўртасида турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, фестиваллар, спорт мусобақалари ўтказиш ва уларни рағбатлантириш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ишларида ҳам касаба уюшмалари ҳамиша фаолликка интилади.
Биламизки, бугунги ёшлар эртаги фаровон келажагимизнинг бунёдкорларидир. Улардаги ғайрат, шижоат, билим ва маҳоратини уйғунлаштириш йўлидаги эзгу ҳаракатлардан касаба уюшмалари ташкилотлари асло четда турмайди.
Акбар АБДУСАИДОВ,
Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари.