Фаровонлик маҳалласидаги пиёдалар йўлакларида қачон тартиб бўлади?

Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, шаҳар саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича мутахассислари, ИИО ФМ ҳуқуқбузарлик профилактика бўлинмаси мутасаддилари, профилактика инспекторлари ва Фаровонлик маҳалласи фаоллари билан биргаликда Бозорова, Огаҳий, Озод Шарқ ва Зафар кўчалар ҳамда пиёдалар йўлакларининг ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Бозорова кўчасининг бошланиш қисмида жойлашган “VERBATIM” корхонасининг биноси маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган бўлиб, ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу масала юзасидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси мутасаддилари чақиртирилганда улар келишмади. Ушбу кўчанинг охирида пиво ишлаб чиқариш заводи жойлашган бўлиб, ушбу кўчадаги хонадонлар томонидан пиёдалар учун мўлжалланган йўлаклар ёпилган, умумий овқатланиш шохобчалари ва бир нечта пиво сотиш билан шуғулланувчи кўчма дўконлар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу шохобча ва дўконлар эгалари томонидан ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилинмаган бўлса-да, ҳар бир объект кондиционер ишлатяпти, электр энергиясига уланган.

Жумладан, “Элшод Нуршод Барака” оилавий корхонаси, Бозорова кўчаси 1-уй эгалари ҳамда Озод Шарқ кўчасида фуқаро И.Ф. томонидан пиво сотиш учун мўлжалланган кўчма дўкон ташкил этилган ва Озод шарқ кўчаси 2-уй эгалари томонидан пиёдалар учун мўлжалланган йўлаклар ёпилиб, умумий овқатланиш шохобчалари, пиво сотиш учун мўлжалланган кўчма дўконлар ташкил этилган.

Огаҳий кўчасидаги 20-уй эгалари томонидан ҳам пиёдалар учун мўлжалланган йўлаклар ёпилган, умумий овқатланиш шохобчаси ва савдо дўкони фаолият кўрсатмоқда. Шу кўчанинг 8А-, 12-, 14-уй эгалари томонидан пиёдалар учун мўлжалланган йўлаклар темир панжаралар билан ўраб олинган. 6-уй эгаси томонидан пиёдалар йўлаги ёпилиб, уйида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Худди шундай ҳолат “Туронбанк”нинг кириш қисмида ҳам аниқланди.

Зафар кўчасининг кириш қисмида, 21-, 23-уй эгалари томонидан пиёдалар йўлаги ёпилиб, умумий овқатланиш шохобчаси ва савдо дўкони ташкил этилган ва фаолият юритиб келмоқда.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Насриев томонидан масъулларга ушбу ҳолатларни қисқа муддат ичида бартараф этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.