Фаровонлик мезонида Иштихон тажрибаси қанчалик самарали
Давлатимиз раҳбари 15-16 апрель кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Иштихон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди. Мазкур вазифалар ижроси юзасидан туманда бошланган ишлар билан танишиш мақсадида Иштихонда бўлдик. Туман ҳокими ҳамроҳлигида ҳудуддаги ўзгаришлар билан танишдик. Дастлабки манзилимиз Халқобод маҳалласи бўлди.
Бандликни таъминлашда Иштихон тажрибаси
- Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида тадбиркорликка шароит яратиб бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратдилар, - дейди туман ҳокими Шуҳрат Негматов. - Фаоллар билан учрашувда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”даги фуқаролар бандлигини таъминлаш учун аниқ вазифалар белгилаб берилди. Фақат белгилашдан ташқари вазифаларнинг моддий томондан асоси ҳам кўрсатилди. Шу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, энг аввало, уларга керакли асбоб-ускуна олиб бериш орқали бандлигини таъминлашга эътибор қаратдик.
Халқобод маҳалла марказининг бўш турган хонасида 46 нафар аёлни бир жойга жам қилиб тикувчилик кооперацияси ташкил қилдик. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида тажрибали тикувчи ва бичувчиларни жалб этиб, аёлларга тикиш-бичишни ўргатиш, ҳунарли қилиш билан бирга улар бандлигини таъминлаяпмиз.
Туманимизда 62 маҳаллада 42 минг 366 хонадон, 55 минг 910 оила истиқомат қилади. Бу оилаларда хатлов ўтказиш натижасида “Темир дафтар”га 2953 хонадон киритилган. Бугунги кунда 2433 хонадон рўйхатдан чиқарилди. Ҳисоб-китобларимизга кўра рўйхатдаги фуқароларга керакли асбоб-ускуналар олиб бериш орқали йил якунигача 218 нафар бандлиги таъминланмаган фуқаро қолади. Уларни томорқаларига бириктириш, Аҳоли бандлигини таъминлаш жамғармаси ҳисобидан субсидиялар бериш орқали “Темир дафтар”дан чиқаришга эришилмоқда. “Темир дафтар”да ногирон, боқувчисини йўқотган, меҳнатга лаёқатсиз, ижтимоий аҳволи оғир фуқаролар сақланиб қолади. Уларга саховат ва кўмак дафтаримиздан махсус маблағлар ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилади. Маҳаллабай ишлаш тизимининг афзал томонларидан бири ҳар бир маҳаллага бир нафадан банк ходимлари бириктирилди. Бундан ташқари, ҳар бир секторда иқтисодий комплекснинг тажрибали мутахассисларидан иборат бошқарув офиси раҳбари тайинланди. Офисга иқтисодий комплекснинг 5 нафардан малакали ходимлари бириктирилди. Улар маҳаллаларда юриб аҳолининг эҳтиёжларини, дафтардан чиқарилган фуқароларнинг фаолиятини ўрганади. Илгари маҳалла раисидан тадбиркорликка иштиёқи бор фуқароларнинг рўйхатини сўрасак раислар танишларининг рўйхатини берарди. Маҳаллабай ишлашда тажрибали банк ходимлари тадбиркорликка иштиёқи бор фуқароларни тез аниқлайди ва бошқарув офисига ўз тавсиясини беради. Бу реал тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шафран бой қиладиган ўсимлик(ми?)
- “Темир дафтар”дан чиқариш бўйича тумандаги 2955 нафар кам таъминланган оилада ўзгача ёндашув қилдик, - дея сўзида давом этди ҳоким. – Яъни, томорқадан фойдаланиб даромад олиш. Томорқада шафран гули экиш масаласида уч-тўрт йилдан буён ишлаяпмиз. Кўплаб оилалар шу экиндан яхши даромад олиб, камбағалликдан чиқди. Биз аввало, ёввойи шафранни танладик. Айрим жойларда маданий шафранга талаб катта. Бундай уруғлар хориждан қиммат нархга олиб келинади, минерал ўғит бериш лозим, қолаверса касалликка тез чалинади, сув кўп талаб қилади ва харажати юқори. Ёввойи шафран эксак, бир сотих майдонга минг сўмлик уруғ кетади. Бир сотихдан ўртача 5 килограмм ҳосил олиниши ва ички бозорда унинг нархи ўртача 500-700 минг сўм эканлигини ҳисобга олсак, бир сотихдан 2,5 миллион сўм, 10 сотих томорқадан 25 миллион сўм соф даромад олиш мумкин. Бу ўсимликни эккандан сўнг бир марта чопиқ қилинади ва кам сув талаб қилади. Тиканли бўлгани учун мол-қўй емайди, минерал ўғит умуман берилмайди. Аксинча, бир гектар майдонда 100 килограмгача азот жамғарилади. Яна бир афзаллиги биринчи экин сифатида экиб, йигирма кун тонг пайтида гули териб олинади, бўшаган майдонга такрорий экин экиш мумкин. Бу беор яхши даромад берадиган ўсимлик дейишимиз мумкин. Рентабелликка қарайдиган бўлсак, қишлоқ хўжалик экинларида бирорта ўсимликдан гектарига 250 миллион сўм даромад олинмайди. Бир гектарга жами 5 миллион сўм ҳам харажат кетмайди. Унда нега ҳамма жойга шафран экилмайди, деган савол пайди бўлади? Буни аввал ўргандик. Дастлаб биринчи сектор ҳудудидаги Бешариқ ва Хина қишлоқларидаги 3 та томорқачи экиб кўрди, кейин 37 хонадонда экилди, 2020 йилда 87 томорқачи экиб, даромад олди. Биздаги маълумотларга кўра ҳозир улар қаторига Халқобод ва Сафохўжа маҳаллалари ҳам қўшилиб, 2021 йилда 224 хонадонда шафран экиб парваришланяпти. Хитойлик тадбиркорлар билан туманимизда шафран гулини қайта ишловчи корхона очиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, 1 килограмм шафран гулининг нархини 1 миллион сўмга етказсак, аҳоли 10 сотих томорқасидан 50 миллион сўм даромад олса Иштихонда бирорта камбағал оила қолмайди. Келгусида камбағал ва “Темир дафтар”даги оилаларни шафран уруғи билан таъминлаш учун бу йил иккита фермер хўжалик тасарруфидаги 12 гектар майдонда шафран экилди.
- Маҳалламизда 667 та хонадон, 4524 аҳоли яшайди, - дейди Бешариқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Обиджон Рўзиев. – Маҳалламиз асосан деҳқончилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослашган. 350 та хонадонда иссиқхона бор. Маҳалладаги 41 хонадон 2019-2020 йилларда “Темир дафтар”га киритилган. Жумладан, Санчиқул қишлоғида 63 та хонадонда 292 аҳоли яшайди. Қишлоқдаги 11 хонадон “Темир дафтар”га киритилганди. Ҳозирда мева-сабзавот ва асосан шафран гули даромади ҳисобига оилавий шароитлари яхшиланиб дафтардан чиқарилди.
Бешариқ маҳалласида ишсиз ёшлар бирлаштирилди
Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ҳам эътибордаги масала ҳисобланади. “Ёшлар дафтари” шакллантирилганда туманда 7873 нафар ёшнинг ишсизлиги аниқланди. Манзилли рўйхат асосида жорий йилда 2535 гектар майдон ажратиб, уларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилганди ва биринчи чоракда 210 гектар пахта ва ғалла майдони фермерлар томонидан шудгорланиб, экишга тайёр ҳолда 1015 нафар ишсиш ёшга ажратилди. “Ёшлар дафтари” ҳисобидан 100 нафар ёшга 34 тонна картошка уруғини бепул тарқатдик.
- Ҳар йили пул топиш учун бошқа жойларга ишга боришга мажбур бўлардим, - дейди шу маҳаллада яшовчи 19 ёшли Умид Жовбўриев. - Ёшлар бандлигини таъминлаш дастури асосида ўз маҳалламдан 20 сотих ер ажратилди ва бу ерга помидор экдим.
Иштихонда маҳаллаларнинг ихтисослашуви бўйича 6 йўналишда иш олиб борилмоқда. Бешариқ, Халқобод, Муродобод, Сафохўжа маҳаллалари картошка, сабзавотчилик, Каттақангли, Минглар, Равот маҳаллалари асосан қулупнай етиштиришмоқда. Туманнинг юқори зонаси – Митан ҳудудидаги маҳаллалар узумчиликка ихтисослашган.
Бепул тиббий хизматнинг Иштихон тажрибаси йўлга қўйилади
- “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунда бирламчи тиббий хизмат бепул, деб кўрсатилган, - дейди Ш.Негматов. - Аслида эса тиббий хизматлар бепул эмас экан. Ўрганишларга кўра республикамизда тиббий хизмат учун ҳар бир фуқарога 450 минг сўм ажратилиб, бу кўрсаткич туманимизда 110 минг сўмга тўғри келаркан. Оилавий поликлиникаларда яъни бирламчи тизимда бу ҳар бир фуқарога 4890 сўмни ташкил қилади. Бу аслида 4 хил қон таҳлили ва 2 хил дори-дармон, шприц, спирт, пахта ва бошқа биринчи ёрдам кўрсатиш учун етар экан, холос. Кейинги таҳлиллар, 5 кунлик муолажа, керакли дори-дармонлар ёки яна 8 хил қон таҳлиллари ўтказишнинг имкони йўқ экан. Буни таҳлил қилиб маблағни ҳисоб-китоб қилганимизда 8 хил қон таҳлиллари учун бизга 11 минг сўм, дори-дармонга 4 минг, жами 15 минг сўм маблағ зарур бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, туман бўйича 2 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ зарур экан. Хусусан, иккинчи чорак учун 500 миллион сўм маблағ лозим ва бюджет параметрларининг орттириб бажарилган қисмидан бу маблағни беришимиз мумкин. Туман кенгашининг сессиясида шу маблағни ажратиш бўйича қарор қабул қилинди. Президентимизнинг 2021 йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туманда 110 та тиббий бригада ташкил қилиниб, тўлиқ хатлов ўтказилди. Хатловда 244 минг фуқаронинг манзилли рўйхати шакллантирилди ва тиббий харитаси ташкил этилди. Бунда фуқароларимизни 4 гуруҳга, яъни соғлом фуқаролар, соғломлар лекин соғлом турмуш тарзига амал қилмайдиганлар, диспансер назоратида турадиганлар, оғир касалликка чалинган ва ногирон фуқароларга бўлдик. Биринчи гуруҳдаги фуқаролар 43 фоизни, иккинчи гуруҳдагилар 35 фоизни, учинчи гуруҳдагилар 17 фоизни ва тўртинчи гуруҳдагилар 4,5 фоизни ташкил қилади. Яъни, учинчи ва тўртинчи гуруҳдаги фуқаролар туманимизда 50 минг киши экан. Агар бирламчи тизимни бепул қиладиган бўлсак, биринчи ва иккинчи гуруҳдаги фуқароларимизнинг учинчи ва тўртинчи гуруҳга ўтиб кетишининг олди олинади.
Президентимиз Бош вазир ўринбосари ва Соғлиқни сақлаш вазирига Иштихон туманида бирламчи тиббий хизматни бепул қилиш ва буни бошқа туманларга намуна қилиш бўйича топшириқ бердилар. Бу бўйича ишлар бошланди. Яъни оилавий поликлиникаларда бепул хизмат тизими Иштихонда синовдан ўтади ва бошқа туманларга намуна қилинади. Ҳозир туманда 4 та қишлоқ врачлик пункти ва 8 та оилавий поликлиника ишлаб турибди. Уларда сифатли ва бепул тиббий хизматларнинг назоратини туман кенгаши депутатлари назорат қилади.
Балиқ эмас, қармоқ сўрадик
Туманда 1338 километр ички йўл бор ва унинг 730 километри таъмирталаб аҳволда. Ҳар йили 30 километрга яқин йўл асфальт, 50-60 километр йўлга тош ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. - Шу тартибда ишлайдиган бўлсак, 730 километр йўлни таъмирлаш учун 15 йилдан ортиқ вақт керак бўлади, - дейди Ш.Негматов.
- Шу боис, давлатимиз раҳбаридан икки йилда қайтариш шарти билан 20 миллиард сўм ссуда сўрадим. Бу маблағ ҳисобидан туманимизда ишламай турган асфальт заводини ишга тушириш, техникалар харид қилиш имконияти яратилади. Мурожаатдан сўнг шу куни республика «Автойўл» ҳиссадорлик жамияти раиси келиб Митан-Иштихон йўлини ўрганди, эртаси куни бу йўлда капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Молия вазирлиги томонидан 20 миллиард сўм ссудани ажратиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Тез орада маблағ ажратилиши билан асфальт заводини тиклаш ишларини бошлаймиз.
Виждон йиғилиши бўлди
- Аввал фақат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларимиз билан мақтанардик, - дейди Иштихон тумани ҳокими. - Юртимиздаги ислоҳотлар туфайли ҳозир электр энергияси ва табиий газ тушумлари билан шуғулланиш тегишли идораларнинг ваколатига ўтган. Қишлоқ хўжалигида эса кластерларнинг пайдо бўлиши билан аграр сектордаги барча масалалар ечими билан улар машғул бўлмоқда. Бизнинг асосий вазифамиз халқни рози қилиш бўлмоқда. Президентимиз топшириқлари асосида маҳаллалардаги ҳақиқий аҳвол ўрганилиб, аввал бекитилган бўлса ҳам камбағаллик аҳволи ўрганилиб, ундан чиқишга ҳаракат қилиняпти. Бу борада иш режалар тузилиб, мақсадимизни белгилаб олаётганимиз туфайли ўзимизнинг ишимиздан озгина бўлса ҳам қониқиш ҳисси пайдо бўлмоқда.
Давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи давомидаги фаоллар йиғилиши том маънода виждон йиғилиши бўлди, десак муболаға бўлмайди. Биз барчамиз “дафтар”ларга киритилган фуқаролар бандлигини таъминлаш, тадбиркорларга кўмаклашиш борасида ваъда бердик, уларга ёрдамчи бўлишни зиммамизга олдик.
Ўктам Худойбердиев,
Бахтиёр Мустанов (фото).