Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фарзанди халқаро танловга бориши учун кредит олган фаррош

Ёхуд чекка туманнинг чекка қишлоғидаги бир мактаб муваффақияти сирлари ҳақида

 Бу мактабда бизни ҳайратлантирган нарсалар кўп бўлди. Фарзанди халқаро танловда қатнашиши учун хорижга бориш харажатларига кредит олган она, болаларни яхшироқ ўқитиш учун декрет таътили вақтида Тошкентга бориб, ментал арифметика курсларида қатнашган ўқитувчи, вазир жамғармасидан устама олган мураббий. Келинг, бир бошидан бошлайлик.

Заркентдаги «сир»

Агар бир оиладан бир нечта фан олимпиадаси ғолиби чиқса, демак, шу хонадонда илмга эътибор кечли, деймиз. Мабодо улар битта мактабдан ёки бир синфдан бўлса-чи? Ундан ҳам қизиғи, бир йўналишдаги олимпиаданинг барча совринли ўринларини битта мактаб ўқувчилари эгалласа, нима деймиз? Ҳа, ҳаётда шундай бўлиши ҳам мумкин экан. Масалан, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган ментал арифметика бўйича халқаро мусобақада Қўшработ туманидаги 26-умумтаълим мактабининг 5 нафар ўқувчиси совринли ўринларни қўлга киритган. 

Вилоят марказидан 112 километр, туман марказидан 12 километр узоқликдаги Заркент қўрғонида жойлашган мазкур мактаб бир қарашда бошқа таълим муассасаларидан фарқ қилмайди. Бироқ унда меҳнат қилаётган педагоглар билан суҳбат асносида мактаб ўқувчиларининг муваффақиятлари сирини англагандек бўлдик.

Мактабга ишга келганимда менга 2-синф ўқувчиларини беришди, - дейди бошланғич синф ўқитувчиси Роҳила Рустамова. - Очиғини айтишим керак, синфимда ўзлаштириши ёмон ўқувчилар кўп эди. Мен уларнинг билим олишга бўлган қизиқишини, ақлий ривожланишини ошириш йўлларини қидира бошладим. Yutube’да Россия, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар таълим дастурларини ўргандим, кўплаб педагогик технологияларни синаб кўрдим ва охир-оқибат ментал арифметикада тўхталдим. Аммо уни қандай ўқитишни ўзим ҳам билмасдим. Туман четидаги мактабда туриб, ментал арифметикани ўрганиш йўлини топа олмагач, декрет таътили вақти Тошкентга кетдим ва соҳа мутахассисларидан сабоқ олдим. Албатта, натижа тезда бўй кўрсатмади. Бир йиллик машаққатли машғулотлардан кейин ўқувчиларим нафақат математика, балки бошқа фанларда ҳам илғорлаганини, иқтидорини намоён қилаётганини пайқадим.

Бу - педагогнинг ўқувчиларни илм олишга қизиқтириш бўйича режасидаги биринчи қадам. Иккинчиси, ўз устида кўпроқ ишлаган ўқувчиларни рағбатлантириш орқали бошқаларда ҳам мотивация ҳосил қилиш эди. Шу боис у ҳеч иккиланмай ўқувчиларини турли танлов ва олимпиадаларга олиб борди. Қирғизистонда ўтказилган ментал арифметика бўйича Осиё мусобақасида унинг шогирдлари ғолиб бўлди ва Дубайдаги халқаро мусобақага йўлланма олди. Воқеанинг давомини юқорида айтиб ўтдик, бир мактабдан беш нафар ўқувчи ва барча совринли ўринлар уларга тегишли. Кимдир бу расмий олимпиада эмас, дейиши мумкин. Аммо 15 давлатдан иштирок этган 400 нафар ўқувчи ўртасида биринчи бўлиш ҳам осон эмас. Айни кунда Роҳила опа ўқувчиларини яна бир нуфузли халқаро олимпиадага тайёрламоқда.

Гап ўқитувчилардами?

Мана бир неча йилдирки, 9-,10- ва 11-синфлар ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган она тили бўйича олимпиаданинг туман босқичида ғолибликни шу мактаб ўқувчилари қўлга киритаётган экан. Бу ҳам тасодиф эмас.

Мен болалигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қилганман. Мақсадимга эришгач, бор билимим, куч ва ғайратимни ўқувчиларни илмли қилишга сафарбар этдим, - дейди мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Навбаҳор Қодирова. - Уларнинг ҳар бир ғалабаси менинг ҳам ғалабам. Албатта, дарс давомида барча ўқувчиларим билан индивидуал шуғулланиш учун вақт етмайди. Шунинг учун дарсдан кейин қўшимча машғулот ўтказаман. Ўқувчиларнинг тушунмаган мавзусини уйимга келиб сўраши ҳам одатий ҳолга айланган. Бир сўз билан айтганда, мен уларни доимий изланишга ундайман ва бунда шахсий намуна кўрсатишга ҳаракат қиламан. Ютуқларимиз шунга яраша: олимпиадаларда ғолиб бўляпмиз, ўтган ўқув йилида битирувчи ўқувчиларимизнинг 70 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Қолганлари ҳам бошқа йўналишларда ўзини кўрсатмоқда.

Ўтган йили мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Зулхумор Имомова вазир жамғармасидан устама олиш учун ўтказилган синовдан муваффақиятли ўтиб, ойлик маошига 100 фоизлик устамани қўлга киритган. Тил билиш бўйича турли халқаро сертификатларга эга бўлган ўқитувчининг шогирдлари ҳам шу йўлдан кетишмоқда. Мисол учун, яқинда унинг 8-синфда ўқийдиган икки нафар ўқувчиси Б2 сертификатини, 11-синф ўқувчиси Муштарий Исроилова бўлса IELTSдан 6,5 балл олди. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Мактабнинг яна бир ўқитувчиси, асли сирдарёлик Отабек Кўчимов ўзи математик бўла туриб, IELTSдан 7,5 бални қўлга киритган экан. У ҳозир мактабда ўз фанидан дарс бериш баробарида, инглиз тилини ўқитиш бўйича ўқув марказига раҳбарлик қилмоқда.

- Маълум вақт пойтахт ва бошқа жойлардаги мактабларда дарс берганман, - дейди суҳбатдошимиз. – Бу мактабга бир курсдошимнинг тавсияси билан келдим. Келиб, ўқувчиларнинг фаоллиги ва билимга чанқоқлигини кўриб, ҳайратим ошди. Ўрганиб кўрсам, бунинг сабаби ҳудудда ота-оналарнинг фарзандлари тақдирига эътибори юқорилиги экан. Агар ота-она ва ўқитувчининг фикри бир жойдан чиқса, ёшлар албатта, ўқийди ва мақсадига эришади. Бу эса ўқитувчи учун энг катта мукофот. Шу боис мен ҳам айни мактабда қолишга қарор қилдим.

Иқтидорлиларни ким қўллайди?

Мактаб ҳаёти билан танишиш давомида шу нарсага амин бўлдикки, болажонларнинг тиришқоқлиги ҳамда ўқитувчиларнинг фаол ва ташаббускорлиги кўп жиҳатдан ота-оналарнинг уларга хайрихоҳлигидан. Дубайдаги танловда иштирок этиш учун йўлланма олган ўқувчилардан бирининг онаси фаррош бўлиб ишлар экан. Биз мақолада шахсини келтиришни жоиз деб билмаган ўша қаҳрамон она фарзандининг қизиқишини қўллаб-қувватлаш учун бор имкониятини ишга солган. Бунгача боласининг Қирғизистондаги танловга бориб келиш харажатларини бир амаллаб кўтарган аёл бу гал Дубайга бориш учун кетадиган йўл харажатларини қоплаш мақсадида банкдан 15 миллион сўм кредит олган. У шу мактабдаги фаол, фарзандининг ўқишига эътиборли ота-оналардан бири, холос.

Мақола сўнгида бизни ўйлантирган бир муаммо ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Гап шундаки, ўқитувчилар билан суҳбат чоғида мактабда иқтидорли ўқувчилар жуда кўплиги айтилди. Бироқ ҳар ким ҳам хорижда ўтадиган нуфузли танлов ёки мусобақаларда иштирок этиш учун маблағ топа олмайди. Ҳатто биз юқорида воқеасини келтирган она ҳам фарзандининг яна бир танловда иштирок этишини «кўтара» олмаслигини, айни кунда кредит учун тўлов қилаётганини айтди.

Тўғри, бизда вазирлик томонидан ўқувчиларнинг барча танловлардаги иштироки учун маблағ ажратилмайди. Белгиланган олимпиадалар бордир. Аммо ҳеч бўлмаганда, ҳудудлардаги корхоналар юрт келажаги бўлган бундай ёшларни қўллаб-қувватлашса, жуда чиройли иш бўларди. Тан олайлик, шундай тадбиркорлар бор, кўпкари ё қайсидир ўйин учун  миллионлаб маблағ сарфлаб юборишади, албатта, бу уларнинг иши. Лекин иқтидорли ёшларни қўллашга келганда ҳоким айтмагунча, ҳеч кимдан ташаббус чиқмайди. Ҳолбуки, бундан юз йил олдин айнан бизнинг юрт тадбиркорлари ёш жадидларни ўқитиш учун ўз ҳисобидан мактаблар қурган, ёшларнинг Германия, Англия, Туркиядаги ўқув юртларидаги ўқиши учун маблағ тўплаб беришган.

Бугун АҚШдаги кўплаб фан танловларида энг яхши ютуқлар хусусий компаниялар томонидан қўйилаётган экан. Бошқа хорижий давлатларда ҳам хусусий сектор ёшларни рағбатлантириш учун катта маблағ ажратади ва бу унинг манфаатларига хизмат қилади. Бизда эса барчаси тескари, «давлат қилсин», деган осон гапни ёдлаб олганмиз. Эртанги кунимиз билан ишимиз йўқ. Кузатувлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозир аксар ота-оналар фарзандининг иқтидорини ривожлантиришдан кўра, унга кетадиган харажатни камайтириш учун кўпроқ бош қотиради. Камбағалликдан эмас бу. Ҳар ой «гап»га борадиган она, кунора жўрабозлик қиладиган ота шу пулнинг ярмини фарзандининг билимини ошириш, қизиқишини рўёбга чиқариш учун сарфласа, вазият буткул ўзгарар эдими? Хулоса ўзингиздан.

Анвар Мустафоқулов,

Асқар Баротов.