Фарзандлари учун одамларга масхара бўлишдан қўрқмаган аёл
Меҳрибон она ўз фарзандлари учун ҳамма нарсага тайёр. Мэри Энн Вебстер (турмушга чиққанда Беван) ҳам шундай оналардан бири. У ўзига хос бўлган кўринишни жамоат олдида намойиш қилиб, масхара бўлиб қолишдан қўрқмаган. Унинг ягона мақсади нима бўлганда ҳам болаларини оч қолишга йўл қўймаслик эди. Ўз даврининг қаҳрамонига айланган бу «дунёдаги энг хунук аёл» томошабинларнинг ҳақоратлари, ғазаблари ва тентаклик ҳаракатлари олдида тик тура олди.
Аёллик бахти орзуси ва оғир тақдир
Мери Лондондаги кўп фарзандли ва ўртаҳол оилада дунёга келди. Ёш бўлишига қарамай, госпиталга ишга кириб, ҳамширалик қилишни бошлади. У катта оилани орзу қилган жозибали қиз эди. Шундай бўлди ҳам, 29 ёшида у Томас Беванга турмушга чиқди ва 4 фарзанднинг меҳрибон онасига айланди. Кўп ўтмай Мерининг соғлиғи ёмонлаша бошлади - бош оғриғи кучайиб, мушаклар ва бўғимларида оғриқ пайдо бўлди. Шифокорлар унинг танасида нима юз бераётганини тушунолмай қолишди. У эса бор эътиборини оиласига қаратиб, ўзига қарамай ҳам қўйганди.
Касалликнинг бошланиши
Касаллик аломатлари тобора намоён бўла бошлади: унинг бош суяги чўзилиб, юз косаси катталашди, қўллари қўполлашиб, аёлга хос қиёфаси аста-секинлик билан йўқолишни бошлади.
Мэри дуч келган ўсиш гормони ҳаддан ташқари кўпайиши натижасида келиб чиқадиган нейроэндокрин касаллик “акромегалия” деб номланиб, суяклар, ички органлар ва юмшоқ тўқималарнинг кўпайишига олиб келади, бош оғриғи ва мушак оғриғи унга ҳамроҳ бўлади. Акромегалия кўпинча танада бўлган яхши сифатли ўсмалар туфайли юзага келади. Аниқланган кўп ҳолларда бу касаллик ирсий эканлиги маълум бўлди.
Бугунги кунда шифокорлар турли хил даволаш усулларидан фойдаланиб, бу касаллик билан муваффақиятли курашиб келмоқда. ХХ асрнинг бошида Мэри Эннинг соғайиб кетиш имкони йўқ эди. Аёлнинг чиройи кундан-кунга уни тарк этаётганини кузатиб туришдан бошқа чораси йўқ эди.
Шубҳали унвон ва биринчи пул мукофоти
Мистер Беван хотини бошига тушган кулфатда уни қўллаб-қувватлади. Уни ташлаб кетишни хаёлига ҳам келтирмади. Лекин 11 йиллик турмушдан кейин Беван хоним тўсатдан бева бўлиб, 4 бола билан ёлғиз қолди.
Эри вафотидан кейин Мэри болаларини боқиш учун ҳар қандай ишларни қилар эди. Хунук кўриниши унга яхши иш топишида халақит берарди. Кўчада одамлар аёлга ёмон муносабатда бўлишар: уни менсимай, масхара қилишарди. Кўчага чиқиш унинг учун бир синов эди.
Оиланинг моддий аҳволи ёмонлашиб борарди. Шунда Мэри Англияда катта мукофот қўйилган «Энг хунук аёл» танлови борлигини билиб қолди ва унда иштирок этишга қарор қилди. Танловда у ғолиб бўлди. Лекин у тўғрисида матбуотда ўқилиши осон бўлмаган ҳақоратомуз мақолалар кетма-кет чиқа бошлади.
Мэри ўша пайтлар учун имкони бўлмаган нарсани амалга оширди – ўзининг бахтсизлигини даромадга айлантирди. Айтганча, ушбу танлов ҳозирда ҳам Англияда ўтказилиб келинади. Лекин асосий урғу (гримасага) юздаги ғайритабиий ҳаракатларга берилади.
Цирк ва фрик шоу
1920 йилда у Америкадаги «Дримленд» паркидаги циркда ишлаш таклифини олди. Мери ўзининг ноодатий кўриниши билан спектаклларда қатнашди. Ёқимсизлиги ва эркаксифатлигини намойиш этиш учун у ранг-баранг либосларда чиқиши керак эди. Ундан ташқари, томошабинларнинг кўнглини овлаш учун у ерда ўзига хос ташқи кўринишга эга бўлган бошқа одамлар – соқолли аёл, митти кишилар, сеам эгизаклари ҳам бор эди.
Ўша пайтда томошабинларга бу каби шафқатсиз ўйин кулгилар ёқар ва Беван хоним труппадаги энг машҳур артистлардан бири саналарди. Яқиндагина гўзал аёл бўлган ва энди одамларнинг масхара нишонига айланган Мэри учун унга қанча куч кераклигини унинг ўзигина биларди, холос. Лекин фарзандларини боқиш учун у барча қийинчиликларни енгиб ўтди.
Мэри Беван умрининг охиригача Америка циркида ишлади. Ҳаёти давомида у Европага бир мартагина қайтиб келди. 1925 йилда Парижда бўлиб ўтган бутунжаҳон кўргазмада иштирокчи сифатида таклиф қилинган эди.
Афсуски, акромегалия билан касалланган беморлар узоқ яшамайди. Мэри 1933 йилда 59 ёшида вафот этди ва фарзандларига ўзининг ватани Англияда дафн этилишини васият қилди. «Дунёдаги энг хунук аёл» номини олган, лекин тақдир синовлари остида синмаган бу аёлнинг тақдири ҳаётда шундай дадил, довюрак инсонлар борлигини исботлади...
Албатта, айтиш мумкинки, бу йўл Мэри учун ягона имконият эди. Лекин у бу имкониятдан фойдаланди, касаллигини ўзини ва болаларини боқадиган даромад манбасига айлантиришдан қўрқмади. Ким билади, агар Мэрида бундай касаллик ва дадиллик бўлмаганида, унинг тақдири нима бўларди?
Эҳтимол, биз бу ҳақда ҳеч нарса билмаган бўлардик…
Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.