Фазлиддинга сартарошлик қилишда имтиёз бериладиган бўлди

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган Жамоатчилик гуруҳи аъзолари томонидан Пайариқ туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар жойида ўрганилмоқда ва уларнинг ечими борасида зарур тадбирлар белгиланмоқда.

 Жамоатчилик назорати гуруҳининг 42 нафар аъзоси бугунги кунгача ҳудуддаги 10 мингдан ортиқ хонадонларга кириб, 1855 та муаммони аниқлади.

Масалан, 2-ишчи гуруҳ аъзолари Кўпаки маҳалласида яшовчи аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганди. Жумладан, маҳалланинг Кўпаки қишлоғида яшовчи Фазлиддин Хoлиқулов ўз фаолияти билан боғлиқ бир муаммони айтди. Маълум бўлишича, Ф.Холиқуловнинг 3 нафар фарзанди бор, тақдир тақозоси билан 15 йилдан буён оғир касаллик – оёғида кучли оғриқ билан яшаб келмоқда. Унинг ўнг оёғи протез. Гарчи ногирон бўлса-да у сартарошлик қилиб рўзғорини юритмоқда. Муаммо шундаки, ундан сартарошлиги учун меъёр асосида солиқ олинади. Учрашувда Фазлиддин Холиқулов ногиронлиги, ҳар йили икки марта касалхонада ётиб, даволанишини айтиб, солиқ тўлови борасида имтиёз беришларини сўради.

Мазкур мурожаатни ижобий ҳал этиш Пайариқ тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А.Валиев зиммасига юклатилди ва масала 28 январгача ҳал этилиши белгиланди.