ФИДОЙИ МЕҲНАТ ЭЪТИРОФИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 28 ва 29 август кунлари қабул қилинган фармонларига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.

Улар қаторида Самарқанд вилоятидан ҳам турли соҳалар вакиллари, фахрийлар ва ёшлар бор.

30 август куни Самарқанд вилояти ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов тадбир иштирокчиларини энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклади. Жонажон Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида қилинган меҳнат ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслиги, муносиб рағбат топишини таъкидлади.

– Бу йилги байрам шукуҳи ҳар қачонгидан ўзгача, – деди Э.Турдимов. – 26 август куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташриф буюриб, “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали очилиш маросимида қатнашдилар ва халқимизга, тадбир меҳмонларига эзгу ниятларни изҳор қилдилар. Шу билан бирга вилоятимизда фестивалга кўрилган тайёргарликка юқори баҳо берилди. Президентимизнинг Самарқанд ва самарқандликларга бўлган ана шундай эътибор, меҳрлари туфайли “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Нормуродов давлатимизнинг энг юксак мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди. 28 ва 29 август кунлари қабул қилинган фармонлар билан эса вилоятимиздан 27 киши давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медалларига сазовор бўлди. Вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шаҳар ва қишлоқларимизнинг обод бўлишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ана шу фидойи юртдошларимизни бутун вилоятимиз аҳли номидан муборакбод этамиз.

Маросимда юксак давлат мукофотларини Президентимиз номидан вилоят ҳокими Э.Турдимов топширди.

Давлат мукофотига сазовор бўлганлар бу эътироф, эътибор ва ишонч учун миннатдорлик билдирди.

– Меҳнат қилиб, унинг самарасини, эътирофу рағбатини кўриш энг катта бахт, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Пайариқ тумани кенгаши раисининг ўринбосари, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Сайдулла Бойзақов. – Менинг ҳам камтарона меҳнатларим юксак баҳоланиб, давлатимизнинг шундай катта мукофотига лойиқ кўрилганидан бошим кўкка етди. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман. Бундан кейин ҳам ўз ҳаётий тажрибаларимизни ёшларга ўргатиб, юртимиз тараққиёти учун бор куч-ғайратим билан меҳнат қиламан.

– Шундай даврда яшаяпмизки, яхши ҳаёт кечиришга интилган, меҳнат қилган инсон давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда, – дейди Нарпай туманидаги шахсий томорқа ер эгаси, “Шуҳрат” медали соҳиби Гулчеҳра Ҳайитмуродова. – Президентимизнинг ўзлари ҳар биримизни тадбиркорликка ундамоқдалар. Бундан руҳланиб биз ҳам хонадонимизда 3 оила асалари билан шу соҳада иш бошладик, ҳозир асалари оилалари сони 100 тадан ошди. Кейин гулчиликни йўлга қўйиб, бу ҳам сердаромад соҳа эканлигини кўрдик. Умуман, олий маълумотим, дипломим бўлмаса ҳам томорқада омилкорлик билан ишлаб, миллион-миллион сўм даромад қиляпмиз. Рўзғоримиз бут, орзу-ҳавасларимизга етаяпмиз. Аслида ўзимиз учун қилаётган ана шу меҳнатимиз туфайли Президентимиз давлат мукофоти бериши ҳеч кутилмаган ҳолат бўлди. Бутун оиламиз давлатимиздан, Президентимиздан миннатдормиз.