Фирибгарлик йўли билан аёл кишидан пул ва қимматбаҳо буюмларни талаб қилиб келган 35 ёшли эркак қўлга олинди
Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган Х.О. ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилиб, “Odnoklassniki” ижтимоий тармоғида жойлаштирган фотосуратларини номаълум шахс кўчириб олиб, уларга махсус дастурлардан фойдаланиб ишлов бергани ҳақида маълумот берган.
У шахс ушбу шармандали фотосуратларни бошқа ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбормаслик эвазига Х.О.дан 6.500 АҚШ доллари, бир дона "Apple iPhone 13 Pro" ва бир дона эркаклар тилла занжири талаб қилган. Шунинг учун ички ишлар идораларидан унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, товламачилик йўли билан пулларни ўзлаштирмоқчи бўлган шахс Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган Т.У. эканлиги аниқланган.
Т.У. талаб қилинган пуллар, "Apple iPhone 13 Pro" ва тилла тақинчоқни олиш вақтида ашёвий далилар билан қўлга олинган.
Т.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.