Фитр садақаси кимларга ва қай тартибда берилади?
– Бу йил фитр садақаси қанча этиб белгиланган, уни кимларга, қачон ва қай тартибда берсак бўлади?
А.Саидмуродов,
Пахтачи тумани.
- Фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақадир. Бу садақа Пайғамбаримизнинг ҳадисида баён этилган қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади: 2 килограмм буғдой, 4 килограмм арпа, 2 килограмм майиз ва 4 килограмм хурмо. Бизда кўпроқ буғдой қийматида берилади ва бугунги кунда бозорларда 1 килограмм буғдойнинг нархи 4 минг сўм. Демак, фитр садақаси 8 минг сўмни ташкил этади.
Фитр садақасини бериш Рамазон ойи рўзасини тутишга боғлиқ эмас. Агар бирор киши узрли сабаб билан рўза тутолмаса ҳам фитр садақасини бериши вожиб. Ота ўз фарзандлари учун, ҳатто она қорнидаги фарзандига ҳам бериши керак. Бу садақа фақирларга, муҳтожларга, қарздорга, мусофирга берилади.
Фитр садақасини эҳтиёжманд бошқа дин вакилларига ҳам бериш мумкин. Ота ўз фарзанди зурриётларига бера олмайди, фарзанд ҳам ўз ота-онасига, аждодларига бермайди.
Фитр садақасини Рамазон ҳайитининг тонгига қадар адо қилиш вожиб бўлади, лекин қанча эрта берилса манфаати кўпроқ.
Саволга Нарпай туман бош имом хатиби Дилмурод Бектамишев жавоб берди.