Фуқаролар йиғини раисининг ваколатлари нималардан иборат?

Жавоб: Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли):

фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) чақиради;

фуқаролар йиғинига — масъул котибининг, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссияси раислари ва аъзоларининг номзодларини, фуқаролар йиғини кенгашига — ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича ходимнинг номзодини тасдиқлаш учун тақдим этади;

фуқаролар йиғини ва унинг органлари томонидан ўз ваколатларини амалга оширишига, шунингдек қарорларни ижро этишга доир ишларни ташкил этади;

давлат органларида, шу жумладан судда, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фуқаролар йиғинининг манфаатларини ифодалайди, фуқаролар йиғини номидан шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади;

фуқаролар йиғини маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади;

тегишли ҳудудда маслаҳат марказлари ишини ташкил этади;

эгасиз мол-мулкни, мерос тариқасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ўтган мол-мулкни, шунингдек даволаш муассасаларида турганлиги муносабати билан вақтинча бўлмаган ёлғиз шахсларнинг мол-мулкини, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ёки васийлик ва ҳомийликда турган, оилага тарбияга топширилган етим болаларнинг, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мол-мулкини сақлаш бўйича чора-тадбирларни кўради;

спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисида ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида судга ариза беради;

кам таъминланган оилаларнинг, етим болаларнинг, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг, шунингдек табиий офатлардан ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан жабр кўрган фуқароларнинг моддий ва уй-жой, маиший шароитларини яхшилаш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига янги дафн этиш жойларини барпо этиш ва мавжуд бўлганларини реконструкция қилиш ҳақида таклифлар киритади;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик ишларини ташкил этади, етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органларига тақдим этади, шунингдек бундай болаларни тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашади;

ички ишлар органларининг профилактика бўйича тегишли инспектори билан биргаликда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

тегишли ҳудудда байрам кунлари ва муҳим саналар билан боғлиқ оммавий тадбирлар ўтказилишини ташкил қилади;

рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолият кўрсатишининг, диний қарашларни мажбуран сингдириш ҳолларининг олдини олишга доир ишларни ташкил этади, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади;

фуқаролар йиғинининг масъул котиби, ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича ходимнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

фуқароларни қабул қилишни амалга оширади, уларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларини кўриб чиқади;

фуқароларга уларнинг оилавий ва мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномалар ҳамда ҳужжатлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар берилишини таъминлайди;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ва бошқа корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларга тақдимномалар киритади;

тегишли давлат органларидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, моддий маданий мерос объектлари ҳақида маълумотлар сўрайди ва олади.

Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) белгиланган намунадаги гувоҳномага эга бўлади. Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) гувоҳномаси намунаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

Манба: “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни.