“Самарқандтумангаз” ходимлари фуқароларнинг салкам 253 миллион сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд тумани бўлими ходимлари томонидан “Самарқандтумангаз” газ таъминоти бўлимида терговга қадар текширув ўтказилди.
Текширув давомида “Самарқандтумангаз” газ таъминоти бўлимининг моддий жавобгар шахслари истеъмолчиларга 32 830 дона маиший газ баллонларни етказиб бериш ва уларни ўрнатиб бериш хизматини кўрсатмагани аниқланган.
Бундан ташқари, ҳар бир газ баллони учун 3 000 сўмдан хизмат ҳақи қўшиб ёзганликлари ҳамда ҳар бир суюлтирилган газ баллони учун белгиланган 22,4 минг сўм ўрнига 26 минг сўмгача ортиқча ундириб, фуқароларнинг жами 252,9 миллион сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.
Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.