Фуқароларни Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган яна бир шахс қўлга олинди

22 ёшли фуқаро вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс фирибгарлик йўли билан ноқонуний тарзда АҚШга жўнатиш ишлари билан шуғулланиб келаётганини маълум қилган.

У аввалига Европа давлатлари орқали Мексикага, у ердан эса АҚШ ҳудудига олиб ўтиш учун 30 минг АҚШ доллари, ҳужжатларни расмийлаштириш учун эса олдиндан 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Самарқанд вилоят ИИБ Тезкор-қидирув хизмати жиноят-қидирув бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Самарқанд шаҳар Али Қушчи кўчасида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида ушбу шахс аризачидан 10 минг доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.