Футбол: Кўчма кубок ёшларга насиб этди
“Динамо” ПФК футбол мактабида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги футбол фестивали бўлиб ўтди.
Мазкур “Касаба уюшмаси кубоги” учун мини футбол мусобақаси Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитаси ташаббуси билан такшил этилди. Унда тармоқ тизимига кирувчи корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари беллашди.
Хусусан, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт, маданият, туризм ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари, вилоят телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг босма оммавий ахборот воситалари, Самарқанд давлат музейлар қўриқхонаси жамоалари майдонда тўп сурди.
- Бу каби беллашувлар бизнинг нафақат жисмонан чиниқишимиз, балки ишчанлик қобилиятимизнинг ошишига ҳам хизмат қилади, - дейди “Паст Дарғом ҳақиқати” газетаси мухбири Фирдавс Абдужабборов. – Қолаверса, ижодий мулоқотлар олиб боришга ҳам имкон яратади.
Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, кўчма кубокни Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси жамоаси қўлга киритди.
Иккинчи ўринни Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси жамоасига насиб этди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.