Ғойиб бўлган самолётлар қандай қилиб ХХ асрнинг энг мудҳиш воқеасига айланди

Бундан 75 йил муқаддам - 1945 йилнинг 5 декабрь куни Форт-Лодердейлидаги АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари базасидан Багам ороллари томон «Эвенджер» типидаги торпедо элтувчи 5 бомбардимончи самолёт ҳавога кўтарилди. Учиш машқ бўлиб, унинг мақсади бомба ташлаш машғулотидан иборат эди. Аммо ушбу самолётлар базага қайтмади. Бунинг устига, уларни қидириш чоғида яна бир «Мартин Марнер» гидросамолёти изсиз йўқолди.

Martin PBM «Маринер» один из лучших гидросамолетов Второй мировой | Красные  соколы нашей Родины

Бу ҳодиса жаҳон авиацияси тарихида ақлбовар қилмас ғайриоддий ва мудҳиш воқеадир. «Афтидан, биз оппоқ сув қаърига тушиб боряпмиз... биз бутунлай адашдик» - бу бешала самолётга бошчилик қилаётган лейтенант Тейлорнинг сўнгги сўзи. Тўғри, 1974 йилда радиоҳаваскор журналистлар билан ўша мудҳиш кун эфирда эшитган хабарни баҳам кўрди: «Менинг орқамдан келманг. Улар коинотдан келганларга ўхшайди». Бу айнан Чарльз Тейлорнинг охирги сўзи эди.

Ўша куни учиш ҳудудида ҳаво ажойиб эди, звенони тажрибали учувчи-инструктор бошқарди, ёнилғи етарли ғамлаб олинганди. Самолётлар ўша даврнинг энг мукаммал асбоб-ускуналари – гирокомпас, қудратли радиостанция, сув устидаги нишонни аниқлайдиган радарлар билан жиҳозланганди. Шунга қарамасдан, улар базага қайтиб келмади: бешала самолёт ва 15 эпикаж аъзолари қаердадир океан устида йўқолди. Қидирув ҳеч қандай натижа бермади. Қутқарув операцияси чоғида 13 кишидан иборат экипажга эга учувчи самолёт-қайиқ «Мартин Маринер» ғойиб бўлди.

Учувчилар билан олиб борилган сўзлашувлардан маълум бўлишича, 5 самолётдан иборат «19 звено» деб аталувчи гуруҳ кўзланган манзилга етиб борган, ўқув топшириқни бажарган ва орқага йўл олган. Бироқ, кутилмаганда лейтенант Тейлор йўлдан адашганини хабар қилган диспетчер координатларни сўраганида командир: «Жойни аниқлай олмаяпмиз, афтидан адашганга ўхшаймиз» деб жавоб берган. Ғарбга – Флорида томонга учинг, деб қилинган таклифга “Приборлар ишдан чиққан, дунёнинг томонларини аниқлашнинг иложи йўқ”, деган жавоб олинган. Сўнгра бақириқ-чақириқ, сўкиниш эшитилган...

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари текширишда ҳодисага «инсон омили»ни айбдор деб топган: Чарльз Тейлор мўлжал олишда хатога йўл қўйган. Улар устидан учиб ўтган Флорида Кис архипелагини орол деб ўйлашган. Приборлар кўрсатувига эмас, ички ҳиссиётга ишонишган, бундан аввал ҳам шу манманлик туфайли икки марта сувга қўнган ҳолат бўлган экан. 5 декабрь куни Флорида томонга учиб боришаётганига ишонган звено қирғоқдан океан ичкарисига оғиб кетган. Охир-оқибат ёнилғи тугагач, самолётлар Атлантика океани қаърига ғарқ бўлган.

Аммо «Ер сайёрасининг жазаваси» китоби муаллифи Борис Островский бу ҳодиса ҳақида бошқача фикрда. «Учувчиларнинг сўзларига қараганда, улар океан устида жуда узун тўлқинни кўришган. Ўркачдан ўркачгача уларнинг узунлиги ўнлаб километрга етган. Бундай узун тўлқин одатда океан тубида катта майдонда рўй берадиган зилзила оқибатида вужудга келади. Парвоз ҳудудида ғойиб бўлган самолётлар ана шу сувости зилзиласи исканжасига тушиб ҳалок бўлган», дейди Островский.
Бироқ, орадан 75 йил ўтишига қарамасдан, самолётларни изсиз ғойиб бўлишининг ҳақиқий сабаби ҳамон жумбоқлигича қолмоқда, деб ёзади «АиФ» (2020 й. 510-сон) ҳафтаномаси.

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.