Гаити бош вазири кортежи ўққа тутилди
Гаити бош вазири Ариэль Анри кортежи мамлакатнинг миллий қаҳрамони Жан-Жак Дессалинни хотирлаш маросимига кетаётган вақтда қуролли тўда томонидан ўққа тутилди, дея хабар беради РЕН-ТВ.
Воқеа пайтида Бош вазир жароҳат олмаган, бироқ унинг тадбирда қатнашиши бир неча соатга қолдирилган. Аммо қароқчилар тузилмаларининг баъзи вакиллари ҳукумат бошлиғининг ўрнига намойишкорона маросимга келишди ва Дессалин ҳайкалига гул қўйишди.
Гаитидаги хавфсизлик ҳолати шу йилнинг 7 июлида мамлакат президенти Жовенел Моиз ўз қароргоҳига қилинган ҳужум пайтида ўлдирилганидан кейин кескинлашди. Хавфсизлик кучлари ҳужум қилганлар гуруҳларда камида 28 нафар хорижликни аниқлади. Уларнинг учтаси ҳибсга олиш пайтида ўлдирилган, 17 киши ҳибсга олинган ва саккиз гумонланувчи қидирувда.
Моиз ўлдирилгандан сўнг, мамлакатда сиёсий инқироз юзага келди.