Гавҳар Алимова: “Мардикор бозорларида меҳнат ярмаркалари ташкил этамиз”
Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда кунда-кунора хотин-қизлар билан боғлиқ турли хабар ва видеолар тарқалмоқда, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши, турмуш масалалари ва бошқа муаммолар бош мавзуга айланиб қолаётир. Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун қандай ўзгариш бўлаётгани ҳақида суҳбатлашдик.
- Яқинда биринчи никоҳидан ажралмай туриб, яна уйланаётган эркакларга чора кўриш лозимлиги ҳақидаги таклифимни кўпчилик бир томондан қўллаб-қувватлаган бўлса, иккинчи томондан таажжубга тушди, - дейди Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова. - Нега айнан бу масала асосий мавзуга айланиб қолаётгани ҳақида фикрлар билдирилди. Гап шундаки, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, мутахассислар томонидан вилоятдаги ҳар бир оилада ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Нотинч оилалар нега бу аҳволга келди, кам таъминланган оилалардаги аҳволни яхшилашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида вилоятда беш мингга яқин оилада эркаклар биринчи хотини билан ажрашмай, иккинчи аёлга шаръий уйланиб, яшаётгани аниқланган. Тўғри, бу масалада имом-хатибларга чора кўриш белгиланган. Аммо бу ҳолатларнинг кўпайиши, шунча аёл ва икки баравар кўп болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари камситилиши, уларнинг моддий, маънавий ҳаётига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлаётир.
- Бу масалада айни пайтдаги қонунчиликда нима дейилган ва сизнинг таклифларингиз нимадан иборат бўлмоқда?
- Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, «кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш – энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади». Ушбу моддада бир рўзғор остида деган тушунча берилган. Таклифим шундан иборатки, бир рўзғор остида бўлмаса-да, биринчисидан ажрашмай, иккинчи аёлга уйланган эркакларга нисбатан чора кўрилиши керак.
- Ўрганишлар натижаси яна қандай муаммоларни юзага олиб чиқди?
- 600 нафардан зиёд аёллар мунтазам таҳқирланиш остида яшаётганлиги маълум бўлди. Яъни уларнинг турмуш ўртоғи доимий ичкиликка берилган. Бу аёллар ҳам назоратимизда, турмуш ўртоқларини даволатишга амалий ёрдам берилди. Қолаверса, солиқ идораларига спиртли ичимликларнинг ноқонуний олди-сотдисига қатъий чоралар кўриш, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш бўйича таклифлар билан чиқдик.
- Суҳбатлардан бирида хотин-қизлар қўмитаси томонидан кам таъминланган, ҳимояга муҳтож хотин-қизларга берилаётган уй-жойлар масаласида мурожаатлар кўп бўлаётгани ҳақида айтиб ўтгандингиз. Уларни ҳал этиш, қолаверса, тўловида қийналаётган хотин-қизларга ёрдам бериш масаласида қандай янгиликлар бор?
- Иш бошлаганимга етти ой бўлди, шу муддат давомида вилоятдаги қарийб барча туманларда сайёр қабуллар ўтказдик. Ҳақиқатан қабуллар давомида уй-жой сўровчи хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо биз фақат Низомда белгиланган талабларга мос келадиган аёлларга уй ажратилишига кўмак бероламиз. Улар биринчи навбатда неча йиллардан бери уйсиз, икки ёки ундан ортиқ фарзандлари, ногирон фарзандлари бор аёллар киради. Ушбу уйларнинг бошланғич тўлови, тўғрироғи, 15 фоизи хотин-қизлар қўмитаси фонди томонидан тўлаб берилади. Аммо қолган тўловини амалга ошириш ҳам осон эмас. Шундай уйга эга бўлганлар бу масалада қийналиб қолганини ўргандик. Жомбой тумани бу масалада яхши ташаббус билан чиқди. Яъни шундай оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиб, вақтинча фойдаланиб туришлари учун ер майдонлари ажратилди.
Президентимизнинг беш ташаббусларидан бири хотин-қизлар бандлигини таъминлашга оид. Бу ташаббус ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида айнан ижтимоий ҳимояга муҳтож, имтиёзли уйларга эга, аммо тўловида қийналаётган хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда. Барча туманларда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхоналар қурилиши ҳам Президентимиз қарори ижроси туфайли амалга оширилмоқда. Бугунга қадар Иштихон, Оқдарё, Ургут, Пайариқ туманларида худи шундай йирик цехлар ишга тушди. Уларнинг ҳар бирида 500 дан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланмоқда. Йил охирига қадар барча туманларда шундай цехлар қуриб, битказилиши режалаштирилган.
- Яқинда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида қўмита томонидан ҳар бир маҳаллада Анзират бувиларни шакллантириш ҳақидаги хабарлар салбий акс-садо берди. Бу ҳақда нима дейсиз?
- Тўғри, бугун ёшлар маслаҳат, тергаш шаклидаги тарбияга қулоқ тутиб турадиган, уни эшитадиган даврда эмас. Уларга янгича ёндашув, қарашдаги йўналишлар сув ва ҳаводек зарур. Бу масалада ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликда жиддий таклифлар, кўпроқ ёшларнинг ўзидан фикр олиш орқали тадбирлар белгилашни режалаштиряпмиз.
- Иш ўринлари яратилмоқда, аммо мардикор бозорларида ҳамон хотин-қизларнинг борлиги, қолаверса, хотин-қизлар ишлаётган корхоналарда меҳнат шароитларининг муносиб эмаслиги ҳам бор гап.
- Таъкид ўринли. Тойлоқ, Самарқанд туманларида айнан хотин-қизлар тўпланадиган мардикор бозорига бир неча марта бориб, улар билан суҳбатлашдим, шарт-шароитлари билан қизиқдим. Уларга айни пайтда мавжуд иш ўринлари бўйича таклифларимни бердим. Уларнинг аксарияти шу иш қулайлиги, маблағ керак пайтдагина чиқиб ишлаши муҳимлигини айтишди. Яқин кунларда айнан ўша ернинг ўзида меҳнат ярмаркаси ўтказмоқчимиз.
- Ижтимоий тармоқларда унчалик фаол эмассиз. Хотин-қизлар ҳаёти билан боғлиқ муҳокамаларга муносабат билдирмайсиз?
- Ижтимоий тармоқларда ўз саҳифамга эгаман. Табиийки, уларда кўтарилаётган муаммоли ҳолатлардан ҳам хабардор бўламан, аммо муносабатни ўз саҳифамда эмас, кўпроқ ўша, жабр кўрган, ҳуқуқлари поймол бўган хотин-қизлар билан кўришиб, уларнинг муаммосини ҳал қилишга ҳаракат қиламан. Бу мени вазифам, қилаётган ишимни кўз-кўз қилишни ёқтирмайман, тўғриси.
- Қўмитанинг жорий йил ярим йиллик ҳисоботи билан танишганимизда салбий ҳолатлар бўйича рақамлар пасайганини кузатдим. Чунончи, оилалар ажралиши, нотинч оилалар сони, жиноятга қўл урганлар фоизлар камайган…
- Бу билан мақтанишни истамасдим. Сабаби, жиноятга қўл урган битта аёл ҳам бутун Самарқанд юзига доғ, туғруқхонада вафот этган битта она ҳам бизнинг жигаргўшамиз. Эътиборсизлик натижасида мактаб ёшида она бўлган ўқувчи, ўз уйида тинимсиз таҳқирланиш оқибатида ўз жонига қасд қилган муниса – улар ҳаммаси бугун бизнинг оғриқли нуқталаримиздир. Бу ҳолатларни фақат тадбирбозлик орқали бартараф этиб бўлмайди. Ҳаммаси ўрганиш, илмий хулосаланган тарзда амалга ошиши керак. Бу масалада бугун илгаригидан фарқли ўлароқ барча имкониятларга, мутахассисларга эга бўлган «Оила» марказларининг ташкил этилгани айни муддао. Улардан аниқ, таҳлилли хулосаларни кутяпмиз.
Маҳаллардаги мутахассисларнинг аҳоли билан ишлаш услубини ўзгартириш фурсати келди. ФҲДЁ бўлимларининг биз билан ҳамкорликда ишлаши йиллар давомидаги эътиборсизликларга барҳам бермоқда. Хусусан, фарзандига туғилиш ҳақдаги гувоҳнома олмаган, никоҳи расмийлаштирилмаган юзлаб оилалар аниқланиб, уларга бу масалада ёрдам берилди. Бу жиддий масала. Бундай масалалар, уларнинг ечими билан боғлиқ амаллар бўляпти ва ўйлайманки, янги бир босқичда давом этади.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.