Гавҳар Алимова телпак тикиш бўйича маҳорат дарси ўтди

Янги йил арафасида Каттақўрғон шаҳрида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар асосида барпо этилган бир қатор объектлар фойдаланишга топширилди.

Шаҳар ҳокими ташаббуси билан собиқ Ғарб мачит маҳалласи биноси ўрнида ташкил этилган қандолат маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бош кийимлари тикув цехи ҳамда ижтимоий ҳаётга мослашув марказининг очилиш тадбирлари бўлиб ўтди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ҳамда ҳомийлар ҳисобидан таъмирлаш ишлари амалга оширилган хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи ушбу марказ қисқа муддат ичида фаолиятини бошлади.

Марказда айниқса, бош кийимлари тикишга ихтисослашган цехнинг йўлга қўйилиши ҳунармандчиликка қизиққан хотин-қизлар учун катта янгилик бўлди. Ушбу цех фаолияти билан танишар экан, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳунармандларга телпакдўзлик ҳунари бўйича маҳорат машғулоти ўтди.

- Ёшлигимизда турли фанларни ўзлаштириш билан бир қаторда ҳунар ўргатишга ҳам оналаримиз алоҳида эътибор қаратарди, - деди Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова. – Шунинг натижасида телпак тикиш сирларини яхши ўзлаштирганман. Ёшлигимда бу ҳунарим жуда асқотган. Ўқитувчи сифатида фаолият юритган йилларим вақтим бўлганда телпак тикканман. Ҳунарли ҳеч қачон хор бўлмайди, деган нақл ҳар доим ўз қимматини йўқотмаган. Бугун аҳоли орасида керакли, аммо кўп тарқалмаган баъзи ҳунар турларини жорий этиш, уларга бунинг сирларини ўргатиш ёшларнинг бандлигини таъминлашига замин яратади. Шаҳримизда шундай цехнинг ташкил қилиниши келгусида бу ҳунарнинг оммалашиши, шу орқали қатор хонадонларнинг рўзғори обод бўлишига ишонаман.

Шунингдек, янги йил арафасида Каттақўрғонда Хайрулла Ҳакимов томонидан қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ҳам иш бошлади. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган лойиҳа асосида тадбиркорга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан 100 миллион сўм миқдорда фоизсиз кредит тақдим этилди. Ушбу лойиҳа бўйича 10 нафар хотин-қизнинг иш билан бандлиги таъминланади. Цехда тайёрланиши режалаштирилган новвот, парварда каби ширинликлар четга экспорт қилиш ҳам назарда тутилган.

- Бугун хотин-қизлар ўртасидаги кўплаб муаммолар уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари, уларда ижтимоий ҳаётга мослашиш кўникмаларининг шаклланмаганлиги билан боғлиқ, - дейди Гавҳар Алимова. - Ижтимоий ҳаётга мослашув марказининг ташкил этилганлиги мана шундай ҳаётда қийин вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни ҳаётга қайтаришга, хусусан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Марказда қийин аҳволда қолган хотин-қизларнинг қўшимча даромад топишлари учун тикувчилик цехи ҳам фаолият юритади. Унда кийим-кечаклар билан бир қаторда кундалик турмушимизда асқотадиган сумкалар тикилиши ҳам йўлга қўйилади. Натижада атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун зарарли бўлган полиэтилен пакетлардан буткул воз кечилади ва унинг ўрнига турли матолардан ёки қоғоздан тайёрланган сумкалардан фойдаланиш йўлга қўйилади.

Тадбир давомида шунингдек,  ишсиз, “Аёллар дафтари”га киритилган 10 нафар хотин-қизларга тикув машиналари ҳадя қилинди.