Газ баллон йўқлигига чидаб келаётгандим, аммо имзони сохталаштиришгани ўтиб кетди

Мурожаатларни Нурободча кўриб чиқиш услуби

Гап Нуробод тумани Чортут маҳалласида яшовчи Жўрабек Тўрақулов билан бўлган воқеа ҳақида бормоқда. У таҳририятимизга мурожаат билан келди.

Мурожаатни тингларканмиз, давлатимиз раҳбарининг бир гаплари ёдга тушди: “Халқимиз ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”.

Ж.Тўрақуловнинг таъкидлашича, ҳамма машмашага у жорий йилнинг 3 августида маҳалласига суюлтирилган газ етказилмаётгани хусусида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига қилган мурожаати сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, мурожаат 7 август куни фуқаро Жўрабек Тўрақулов номидан “Ҳудудгаз Самарқанд” таъминоти филиали директори номига сохта тушунтириш хати тайёрланиб, ёпиб юборилган. У бу ҳақда "Нурободтумангаз" таъминоти бўлими томонидан почта орқали келган жавоб хатидан билган.

“Хатда гўёки менга суюлтирилган газ етказиб берилганлиги ва мен мурожаатим натижасидан қониққанлигим билдирилган. Ваҳоланки, бизга икки ярим ойдан буён газ баллон етказилгани йўқ. Бунга чидаб келяпмиз. Аммо бизга қилган муносабати етмагандай, юқори ташкилотларнинг ҳам кўзни шамғалат қилишаётганига чидолмадим.

Ахир Президентга қилинган мурожаатни ҳам сохта тушунтириш хати билан ёпиб юбориш мумкинми?!”.

Ана холос, энди газчилар бу йўлга ўтганига нима дейсиз?! Ҳолатга баҳо бермоқчи эмасмиз, аммо бир ўй тинчлик бермайди, давлатимиз раҳбари айтганидек, “асосий мақсад - халқимизни рози қилиш” эканлигини газ идорасидагилар наҳотки тушуниб етмаётган бўлса?

Мурожаатчи ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилишини сўрамоқда. Ўйлаймизки, вилоятдаги масъуллар буни назоратга олиб, ўрганиш натижалари бўйича кенг жамоатчиликка маълум қилади.