“GOLDEN PLASTIС PIPES” МЧЖда O’zLiDePнинг бoшланғич партияси ташкил этилди

Самарқанд  туманидаги “GOLDEN PLASTIС PIPES” МЧЖ корхонаси 2016 йилда иш фаолиятини бошлаган бўлиб,  асосан, курилиш ва монтаж маҳсулотлари, полепропилен қувурлар, фитиглар ва профиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Шу кунгача МЧЖда 20 киши меҳнат қилиб келаётган бўлиб, 2019 йилда  корхонани кенгайтириш ва хориждан янги асбоб ускуналар келтириш ҳисобига 25 та  янги ишчи ўринларини яратиш кўзда тутилган.

“GOLDEN PLASTIС PIPES” МЧЖ ўтган давр мобайнида экспортга мўлжалланган 10 турдан зиёд курилиш монтаж қувурлари ишлаб чиқарган бўлса, жорий йилдан бошлаб уларнинг сони 30 турдан ошди.

Корхона учун маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичи биринчи ўринда туради.Шу боис мутахассисларнинг малакасини хорижда, хусусан, Хитой халқ республикасида оширишга эътибор қаратмоқда. 

  -Маҳсулотларимизга нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё давлатлари, жумладан,  қўшни Тожикистонда ҳам талабгорлар бор. 2019-2020 йилларда  Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига ҳам экспорт қилишни режалаштирганмиз. Мақсадимиз, тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, юртимиз иқтисодиётини гуллаб яшнашига хизмат қилишдир, - дейди суҳбатда “GOLDEN PLASTIС PIPES” масъулияти чекланган жамияти директори Аъзам Акрамов.

 Яқинда корхонада O’zLiDeP нинг бошланғич ташкилоти иш бошлади. Шу мунобасат билан O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгашининг бир гуруҳ вакиллари корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, ишчилар билан учрашди.

 Унда мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес, тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар келажагимиз” давлат дастурлари доирасида ажратилаётган имтиёзли кредитлар ҳақида тушунчалар берилди. Тадбир сўнггида корхонанинг 10 дан ортиқ ишчи ходимларига партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Бахтигул Қаршиева, O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби.