Гўшт ва сабзавот Булунғурнинг ўзидан чиқади

Халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгашининг сессиясида туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари ҳақида сектор раҳбарларининг ҳисобот кўриб чиқилди.

Қайд этишилича, туманда 2020 йил декабрь ойидан 2021 йил май ойига қадар туман аҳолисининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби тиббиёт меъёрлари бўйича ҳисоблаб чиқилди ва 3 минг 968 тонна гўшт, 20 млн. 120 минг дона тухут, 4 минг 844 тонна картошка, 1 минг 863 тонна пиёз, 2 минг 422 тонна сабзи, 913 тонна гуруч, 1025 тонна шакар, 848 тонна ўсимлик ёғи, 7 минг 200 тонна унга эҳтиёж борлиги аниқланди.

– Мавжуд имкониятларимизни таҳлил қилганимизда гўшт, тухум ва сабзавот маҳсулотлари эҳтиёжимиздан бир неча баробар ортиқча ишлаб чиқарилаётгани аниқланди ва бу борада туманимизда муаммо бўлмайди, нарх барқарорлигини сақлай оламиз, – деди туман ҳокими Б.Баҳромов. – Гуручни Хоразм вилоятидан олиб келиш бўйича шартномамиз бор ва ҳозирда керакли миқдорда захира қиляпмиз. Аҳолининг ун маҳсулотларига бўлган талабини эса туманимиздаги 23 та чакана савдо корхоналари қондира олади. Ўсимлик ёғини ҳам савдо ташкилотлари Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳарларидаги заводлар ва таъминотчилардан олиб келмоқда. Шакарни Хоразмдаги заводдан харид қилиш, шунингдек, Украина давлатидан келтириш чораларини кўрганмиз.

Қўшимча равишда, қиш-баҳор мавсуми учун туман  аҳолисининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда жами 3 минг 651 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирага жамғарилмоқда.

Бугунги кунду туманда 20 минг 879 тонна маҳсулотни сақлаш қувватида эга 16 та омборхона ва музлатгичли сиғимлар мавжуд.

Бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Булунғур деҳқон бозори”да октябрь ойи бошидан буён қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ўтказилмоқда.

Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Боқиев иштирок этди.