Ғойиб бўлган қизлар
1904 йилда рус-япон уруши пайтида Полтаванинг овлоқ қишлоқларидан бирида ақлбовар қилмас сирли воқеалар рўй бера бошлади. Эрта баҳор чоғида соҳибжамол ёш қиз Мария Бурова кутилмаганда ғойиб бўлди.
У қишлоқдан бир соатгина чиққан эди, изсиз йўқолди. Ота-онаси саросимада теварак-атрофни қидириб чиқишди, қариндош-уруғлар, таниш-билишлардан суриштиришди. Қиз ерда ҳам, осмонда ҳам йўқ эди. Эртаси куни ҳам Машадан дарак бўлмади, бутун қишлоқ қидирувга оёққа турди. Бутун ўрмонни титкилаб чиқишди, йўқ, муз билан қопланган дарё қирғоқларини кўздан кечиришди. Бахтсиз қиз музга тойиб, сувга йиқилиб тушган бўлса, оқим уни оқизиб кетган бўлиши мумкин, деб ўйлашганди-да. Хуллас, бечора қизни ҳеч ким бошқа қайтиб кўрмади.
Пасха байрами яқинлашаётган эди, худди Машани ғойиб бўлишига ўхшаш бир ғалати ҳодиса одамларни даҳшатга солди. Яна бир гўзал қиз ғойиб бўлди. Қидиришмаган жойи қолмади, ўша куни қишлоқ ёнидан ўтган лўлилар тобори ўғирлаб кетишдимикан, деб ҳам ўйлашди. Шаҳар маъмуриятига мурожаат қилишди. Маҳаллий изқуварни юборишди. У икки-уч кун йўллар, сўқмоқларни, бутазорларни синчиклаб кўздан кечирди. Бироқ бирор белги тополмай, яна шаҳарга қайтиб кетди.
Воқеа шу билан тугамади. Ёзда яна икки қиз йўқолди. Уларни қидирув ҳам натижасиз тугади. Йўқолган қизлардан бирининг онаси қишлоқдан сал нарида яшовчи Наталья деган фолбинга мурожаат қилди. Фолбин карталарини очиб, анча миқ этмай сукут сақлади. Сўнгра бошини сарак-сарак қилиб, бечора ғамга ботган онага қайғули боқиб, деди: “Қидирманг! Сенинг қизинг бу ёруғ оламда энди йўқ!”.
Сирли ғойиб бўлишлар эса давом этарди. 1905 йилда Рождество байрамидан кўп ўтмай бир обрўли кишининг қизи изсиз йўқолди. Қишлоқда ваҳимали миш-мишлар тарқалди, қизлар ҳовлидан нари чиқишга қўрқиб қолишди. Кимлардир бу қора кучлар - арвоҳларнинг, кимлардир бу қароқчиларнинг иши, деб даҳшатга тушарди. Қишлоқ аҳли шаҳар маъмуриятидан бу сирли ҳодисага узил-кесил чек қўйишни талаб қилди. Тез орада районга ёш пристав Николай Солово бошчилигида бир неча нуфузли полициячилар етиб келишди.
Ҳодисалар Соловони қизиқтириб қўйганди. Бирор сўқмоқни назардан қолдирмай, барчасини кўздан кечириб чиқди. Қишлоққа олиб борадиган топталган бир сўқмоқ унинг диққатини тортди. “Бу сўқмоқда ҳеч ким юрмайди, - деди оқсоқол тушунтириб, - фақат аҳмоқ хотинлар яширинча фолбин аёлникига бориб туришади”.
Изқуварлар яширинча дурбин орқали фолбинни кузатдилар ва ҳеч қандай шубҳали нарсани илғашмади. Ўрта ёшлардаги чиройли жувон ўзининг хўжалик ишлари билан шуғулланарди: товуқларига дон берар, молларига қарар, сигир соғар, ҳовли-жойини супуриб-сидирарди.
Полициячилар Нанаталька баъзан шаҳарга тушиб, бозор-ўчар қилиб келишини аниқлашди ва у уйида бўлмаган пайтда, хонасини тинтув қилиб чиқишди. Бироқ аввалига шубҳали нарсага дуч келишмади. Кутилмаганда Соловони кўзи оғзи шох-шабба билан ёпилган ертўлага тушди. Чироқ ёқиб, ертўлага тушган полициячи сандиққа дуч келди. У бўм-бўш эди. Ҳайрон бўлиб сал нари сурганди даҳшатли манзарадан қотиб қолди. Ўрада қиз боланинг нозик қўлчаси тупроққа беланиб ётарди. Фолбин ўша куниёқ қамоққа олинди.
Аввалига Полтавада, кейин Киевда, сўнгра Буюк Британияда етакчи руҳшунослар маслаҳатга йиғилишди. Улар қонхўр аёлни ҳар томонлама текшириб кўришиб, жисмонан ва руҳан соғлом деб топишди.
Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизларни ўғирлаб, ўлдириб, қонини сўрган ялмоғизни суд барибир айбдор, деб топди ва олий жазога ҳукм қилди.
Т.Шомуродов тайёрлади.