Грузиядаги ҳукмрон партия норозилик намойишлари фонида хорижий агентлар ҳақидаги қонун лойиҳасини қайтариб олди

Нотинчликка сабаб бўлган хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси ва парламентдаги кўпчилик қайтариб олишга қарор қилди, дейилади партиянинг бугун эълон қилинган баёнотида.

“Масъулиятли ҳукмрон куч сифатида биз қўллаб-қувватлаган қонун лойиҳасини ҳеч қандай шартларсиз қайтариб олишга қарор қилдик”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, унда айтилишича, эмоционал фонни пасайтириш билан бирга, ҳукмрон сиёсий куч аҳолига хорижий агентлар тўғрисидаги қонун нималарга хизмат қилиши кераклиги ва нима учун нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолияти шаффофлигини таъминлаши зарурлигини яхшироқ тушунтириш ниятида.

“Биз кенг жамоатчиликка ҳақиқатни барча тафсилотлари билан ойдинлаштириш мақсадида йиғинларини ўтказишни бошлаймиз”, дейилади хабарда.

Унда, шунингдек, Грузияда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, халқининг асосий танлови бўлган Европага йўлни “муносиб” давом эттирилиши айтилади.

8 март куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Хосеп Боррел Грузиядаги хорижий агентлар ҳақидаги қонун мамлакатнинг ЕИга кириш мақсадига зид эканини айтди. Боррелнинг сўзларига кўра, қонуннинг якуний қабул қилиниши Евроиттифоқ ва Грузия муносабатлари учун “жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин”.

8 март куни мухолифатдаги “Стратегия Агмашенебели” партияси етакчиси Гиоргий Вашадзе ҳукуматга ультиматум қўйди. Унга кўра, парламентдан чет эл агентлари ҳақидаги қонунни чақириб олиниши ва бир кун аввал ҳибсга олинган барча намойишчилар озод қилиниши керак эди.

Пайшанба куни республика Ички ишлар вазирлиги Грузия полицияси 7-8 март кунлари Тбилисида мамлакат парламенти яқинида ўтказилган намойишлар чоғида 133 кишини ҳибсга олгани ҳақида хабар берди.

Сешанба куни эса парламентда “Чет эл агентлари тўғрисида”ги қонун биринчи ўқишда кўриб чиқилгач, мухолифат етакчилари ўз тарафдорларини митингга чақирди, бу вақт давомида полиция билан тўқнашувлар юз берди.