Молдова ва Грузия Европа Иттифоқига томон йўлда
Молдова ҳукумати Европа Иттифоқига кириш учун ариза юбориш ниятини билдирди. Мамлакат президенти Майя Санду бу ҳақда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатнинг муҳим мақсади ва ўз келажагини ЕИнинг бир қисми сифатида кўрадиган фуқаролар танловидир.
Бир кун аввал ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазири Николай Попеску мамлакат раҳбарияти НАТОга қўшилиш масаласини кўриб чиқмаётганини айтганди. Молдова 2014 йилда Европа Иттифоқи билан бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олган ассоциация шартномасини имзолаган эди.
Европа Иттифоқига киришга номзод мақомини бериш учун аризани Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили ҳам имзолади. Унинг таъкидлашича, бу Грузиянинг Европа интеграцияси йўлидаги яна бир муҳим босқич бўлади. Ҳукмрон “Грузин орзуси – демократик Грузия” партияси раҳбари Кобахидзе республика ариза беришни 2024 йилда режалаштиргани, бироқ зудлик билан Европа Иттифоқига мурожаат қилишга қарор қилинганини таъкидлади. Ҳукумат қарорини мухолифат партиялари вакиллари қўллаб-қувватлади. Улар европалик ҳамкорлар билан янада самарали музокаралар олиб бориш учун қўшма ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилишмоқда.