Грузия президенти Саакашвилини ҳеч қачон афв этмаслигини билдирди

Грузия президенти Саломе Зурабишвили кеча, 3 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда маҳбус, собиқ давлат раҳбари Михаил Саакашвилини ҳеч қачон афв этмаслигини айтди.

“Мамлакат манфаати қадрли эканини билган ҳолда, кўп нарсага тайёрман... Бу масала яна кун тартибида қолаётгани учун айтишим керакки, Михаил Саакашвилини афв этиш бўйича менинг позициям қатъий ва ўзгармас ва мен ҳеч қачон бу масалага қайтмайман”, деди Зурабишвили.

Саакашвили 1 октябрь куни Грузияда, бир неча жиноий иш бўйича ўз уйида ҳибсга олинган эди. Сиёсатчи банкир Сандро Гиргвлиани ўлдирилиши ва депутат Валерий Гелашвилининг калтакланишида сиртдан судланган. Биринчи ҳолатда Саакашвили уч йилга, иккинчисида олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари, у 2007 йил 7 ноябрдаги мухолифат митингини тарқатиш, “Имеди” телекомпаниясидаги талончилик ва давлат бюджет маблағларини ўғирлаш билан боғлиқ ишларда ҳам иштирок этган, булар ҳали ҳам судда кўриб чиқилмоқда.

Саакашвили Украина фуқаролигига эга. Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ Саакашвилини Украинага қайтариш билан шахсан ўзи ва мамлакат расмийлари шуғулланишини таъкидлаган эди. Грузия прокурори Жаржи Циклаурининг айтишича эса, Саакашвилини Украинага экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилмайди.