Ҳаж ибодатининг ўз тартиб-қоидаси бор
Маълумотларга кўра, жорий йилда етти минг нафарга яқин ватандошларимиз мазкур ибодатни бажариши учун Саудия Арабистонига боришди.
Ҳаж зиёратини ният қилган киши балоғат ёшида, оқил, соғлом ҳамда йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиши зарур.
Мазкур ибодатнинг умр давомида бир марта фарз эканлигида ҳам катта маъно мужассам. Чунки инсон унгача исломнинг бошқа арконларини мукаммал тарзда адо этиши, яъни ҳожи бўлишдек улуғ номга муносиб иш қилиши ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир.
Булардан кўринадики, ҳожи бўлиш шарафига муяссар бўлган кишилар маҳалла-кўйдаги аҳил-иноқлик, тинч-тотувликка катта ҳисса қўшиши, барча хайрли ишларда ўрнак бўлиши талаб этилади.
Ҳаж ибодати ўзининг буюк фазилатлари билан бошқалардан ажралиб туради. Чунки унинг рукнлари махсус жой, яъни Қуръон нозил бўлган маконларда ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қадамлари етган улуғ заминда адо этилади.
Ҳажнинг қабул бўлиш шартларидан бири одоб-ахлоқдир. Шуни унутмаслик керакки, ҳаж ибодати кўпроқ саъй-ҳаракат билан адо этиладиган ибодат. Бунда ҳожи Муаззам Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва оралиғида юриш, Жамаротда тош отиш, Арафот ва Мино водийларида бўлиш каби машаққатли вазифани адо этади. Бундай ҳолатда ҳожидан улкан сабр-бардош талаб этилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: "Кимда-ким Аллоҳнинг шиорлари бўлмиш мазкур маконлар ҳурматини ўрнига қўйиб ва у ерлардаги ибодатларни мукаммал адо этса, демак, унинг қалбининг тақвосидандир" (Ҳаж сураси, 32-оят).
Умуман, ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адо этиш, бу борадаги тартиб-қоидаларга амал қилиш, сафар талабларига оғишмай риоя қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зотан, ҳажга ҳар бир инсон қайсидир бир мамлакатнинг фуқароси сифатида ўз юртининг обрў-эътиборини зиёда қилишга ҳисса қўшади.
Ҳаж зиёратига отланганларга юртимизда қулай шарт-шароит яратиш, саломатлигини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо бу ҳар ким ҳам ҳожи бўлиши мумкин дегани эмас. Зеро, уламолар ҳажнинг қонун-қоидаларини баён қилар эканлар, киши бу сафарга қодир бўлса-да, баъзи сабабларга кўра ҳажга бориш макруҳ деганлар. Мисол учун, агар ота-она фарзандининг хизматига муҳтож бўлса, фарзанд уларнинг хизматини ташлаб, ҳажга бориши номақбулдир. Шунингдек, фақат тижорат мақсадида, риё учун, манманлик тарзида қилинган ҳажнинг ҳам савоби бўлмайди.
Аллоҳ таолонинг "Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур", деган оятидан умид қилган ҳолда, ўзига тўқ кишилар қайта-қайта ҳажга бориш ўрнига маблағларини меҳрибонлик уйларига, ногиронларга, кам таъминланган оилаларга, номаи аъмолларига садақаи жория бўлиб ёзиладиган умумхалқ манфаати йўлида сарф қилсалар, айни муддаодир.
Ҳожи Саид-Жамол
МИР-ЖАЪФАРОВ,
шарқшунос-арабшунос олим.