Ҳамма тадбиркор бўлолмайди. Нега?
Ҳа, кўпчилик тадбиркорлик қилишни, ўз бизнеси, ишлаб чиқаришига эга бўлишни истайди. Бу истак замирида жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш, вақтига ўзи эгалик қилиш каби истаклар ва, албатта, манфаатдорлик ётади.
Ҳақиқатан ҳам шундай: одамлар тадбиркор бўлишни хоҳлайди. Бироқ ҳар қандай тадбиркорлик жиддий тайёргарликни талаб қилади. Орзуни рўёбга чиқариш учун барча хатарларни (рискларни), меҳнат қийинчиликларини ва вақт ресурсларини баҳолаш, мажбурий харажатларни ҳисоблаш керак. Хўш, тадбиркорликни очиш учун ишни нимадан бошлаган маъқул?
Соҳа етакчиларининг тажрибасига кўра, биринчидан, йўналишни аниқлаб, нимани яхши тушунишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Шунда янги ғояларга эга бўлишингиз ва эҳтимолий хатоларнинг олдини олишингиз мумкин. Асосийси, ўзингизни ва вақтингизни бағишламоқчи бўлган тадбиркорлик сизни хурсанд қилиши керак. Бу сизнинг тадбиркорлигингиз фойдаси учун хизмат қилувчи асосий сабабларидан бири. Бозорни синчковлик билан кузатиб боринг, қайси маҳсулот ёки хизматлар мижозларингиз орасида машҳур бўлишини, рақобатчилар нимани таклиф қилишини ва ўзингизнинг кучли томонларингизни таҳлил қилинг. Шуни эсда тутингки, товарлар ёки хизматларнинг арзонлиги ягона афзаллик бўлмаслиги керак.
Иккинчидан, бизнес-режа батафсил тузилган бўлиши ва сиз тақдим этаётган хизматлар бозори ёки сиз ишлаб чиқариш ва сотишни режалаштирган товарлар таҳлилини ўз ичига олиши керак. Тадбиркорлигингизнинг рақобатдош устунликларини, қайси реклама воситаларидан фойдаланишингизни, келгусида юзага келадиган харажатлар ва бошқа муҳим маълумотларни батафсил ҳисобланг. Агар сиз тадбиркорликни эндигина бошлаётган бўлсангиз, ишингизга каттароқ жой эҳтиёжини сезгунингизгача уйда ишлашни ўйлаб кўринг. Шундай қилиб, сиз бинолар, мебеллар ва бошқа кўп нарсаларнинг ижарасидан тежаб қоласиз.
Учинчидан, тадбиркорликни янги бошлаганингизда, кредит ёки қарз олишдан йироқ бўлинг. Кичик бўлса ҳам, ўз капиталингиз билан бошлашга ҳаракат қилинг, чунки тадбиркорлик муайян хавфларни ўз ичига олади. Агар бошлаган ишингиз ўхшамаса, сиз тадбиркорлигингизни ёпишингиз ва кредит тўловларини тўлашингиз керак бўлади.
Муваффақиятга осон ва тез эришишилмайди
Иш бошлаётган кўп тадбиркорлар ўз бизнесларини бошлашлари биланоқ ҳамма нарса соат механизмига ўхшаб юриб кетиши керак, деб ўйлайди. Аммо тадбиркор қийинчиликлар ва умидсизликларга тайёр бўлиши керак.
Амалиёт шуни кўрсатадики, негадир одамлар ўз бизнесини ривожлантиришга қаттиқ меҳнат қилишдан кўра кимнингдир бизнесида юқори лавозимга эришиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга тайёр. Масалан, ўзингиз ҳозирги мавқеингизни эгаллаш учун қанча вақт ва куч сарфлаганингизни эслайсизми? Университетда ўқиш йиллари ва қўшимча курслар, амалиётлар, жамоада ишлаш ва раҳбарлар билан мулоқот қилиш қоидаларини ўрганиш, касбий маҳоратни доимий равишда ошириш ва ҳоказо. Шундай экан нима учун ўз бизнесига эга бўлиш инсонга осон туюлади?
Тадбиркорлик аслида капитал сарфлаб, товар ва хизматлар яратиш билан фойда топишга қаратилган иқтисодий фаолият, бизнеснинг асосий тури. Тадбиркорлик ноёб қобилият, ер, меҳнат, капитал, ахборотлар билан бир қаторда иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришнинг бош омилларидан бири ҳисобланади. Тадбиркорлик бизнесга киради, лекин ҳар қандай бизнес тадбиркорлик бўлавермайди. Бизнесда товар ва хизматлар яратилиб, бозордаги талаб қондирилганда тадбиркорлик фаолияти юзага келади.
Тадбиркорлик қачон пайдо бўлган?
Тадбиркорлик тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалса-да, бу тушунчаси XVIII асрда пайдо бўлган ва кўпинча “мулкдор” ибораси билан бир маънода қўлланилган. Хусусан, Адам Смит тадбиркорни фойда олиш учун бирон-бир тижорат ғоясини амалга ошириш мақсадида таваккалчилик билан иш кўрувчи мулкдор, деб тавсифлайди. Ҳозирги замон ғарб адабиётида ҳам тадбиркорлик фойда олиш мақсадида хўжалик юритиш санъати, иқтисодий ва ташкилий ижодкорлик ва ташаббуснинг эркин намоён бўлиши, новаторлик, хавф-хатарга доим тайёр туриш каби белгилар билан тавсифланади.
Тадбиркорлик бозор талабига кўра мустақил иқтисодий фаолият олиб бориш, фойда олишдан иборат мақсадга эга бўлиш, иқтисодий масъулият ва мажбуриятни ўз зиммасига олиб, таваккалига иш қила билиш, янгиликка интилиш, белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилиш, тадбиркорлик сирини сақлаш, ижтимоий масъулиятни ҳис этиш, яъни ўз жамоаси, халқи фаровонлигини таъминлашни ўз фаолиятининг асосий йўналиши деб билиш ва бошқа тамойилларга таянади. Тадбиркорлик бизнес сифатида, асосан, саноат, аграр ва сервис соҳаларида кечади ва мулкий жиҳатдан 4 хил кўринишга - давлат тадбиркорлиги, хусусий тадбиркорлик, жамоа тадбиркорлиги ва аралаш тадбиркорликка бўлинади. Иш кўлами жиҳатидан кичик, ўрта ва йирик тадбиркорлик мавжуд. Улар бир-биридан капитал микдори, ишловчилар сони, яратилган маҳсулот ва хизматларнинг бозор қиймати (ҳажми) ва олинган фойда миқдорига қараб фарқланади.
Дунёда тадбиркорлар сони қанча. Бизда-чи?
Ер юзида тадбиркорлик билан аҳолининг 8-10 фоизи шуғулланади, холос. Масалан, Хитойда 2002 йилларда аҳолининг 12,5 фоизи тадбиркорлик билан шуғулланган.
Статистика агентлигининг маълумотига кўра, 2019 йилда юртимизда рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 344 мингдан ортиқни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич қарийб 609 мингтага етган. Эндиги вазифа хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш, бу орқали мамлакатда 2026 йил якунига қадар ишсизлик даражасини камида 2 баробарга қисқартириш, минглаб ишсиз ёшларга янги иш ўринлари яратиш лозим.
Юртимизда ишбилармонликни ривожлантириш борасида гап кетганда тадбиркор Зафар Ҳошимов “Бизда тадбиркор бўлиш осон, бунинг учун мақсад сари интилувчан, қизиқувчан, ўзига ишонувчан, шароитларга тез мослашувчан бўлиш сифатларини ўзида мужассам этса етарли”, деган фикрни билдиради.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовга кўра, муаммо тадбиркорлар сони камлигида эмас, балки мавжуд корхоналарнинг жуда кичиклигида.
- Дунёда энг кўп тадбиркорлик билан шуғулланадиган жамиятлар Уганда, Миср, Иордания ҳисобланади, - деб ёзади Б.Ҳошимов. - Уларда аҳолига нисбатан тадбиркорлар сони АҚШдагидан кўп. Уларда 35 фоиз одам тадбиркор, АҚШда бу кўрсаткич (тадбиркорлик сўзига қандай таъриф берилишига қараб) 4,5-6,5 фоизни ташкил этади. Лекин АҚШ Угандадан бойроқ. Ривожланаётган дунёда асосий муаммо қайсидир одам тадбиркорлик билан шуғулланиш ёки шуғулланмаслигида ёки уни тадбиркорликка ундашда эмас.
Бизда фирмаларнинг ҳажми ошиши керак. Тадбиркорларни субсидиялар ва давлат харажатлари орқали рағбатлантириш сиёсати эса бунга акс таъсир қилади. Яъни, банкдаги бор молиявий ресурслар самарадорлиги энг паст инсонларга субсидиялар орқали арзонроққа тарқатилмоқда. Ресурслар энг керак бўлиб турган тадбиркорларга берилмаяпти. Мақсадимиз юртимизда тадбиркорлар сонини кўпайтириш эмас, мамлакатни бой қилиш бўлиши керак. Албатта, мамлакатлар тадбиркорлар орқали бой бўлади. Лекин масала шундаки, мамлакатдаги барча одамлар тадбиркор бўлиб қолса, мамлакат бойиб қолмайди”.
Ҳар бир киши ўзида мавжуд иқтидордан келиб чиқиб тадбиркорлик йўналишини танлаши керак. Яна савдо бренди, дўкон, фирма, компания ва ҳоказоларга ном қўяётганда қисқа, талаффузга қулай жарангдор, эсда қоларли, имкони борича, еттитагача ҳарфдан иборат бўлган номлар танланса яхши бўлади. Бу дунё маркетологларининг ўрганишлари натижасида аниқланган. Агар номлар ўз тилимизда бўлса яна ҳам яхши. Чунки сиз ва биз билган дунё брендлари ҳам ўз тилларида бирор маънони англатади ёки исм-шарифининг қисқартмасидан олинган. Шу боис, савдо брендингиз, аввало, ички бозорда ишончни оқлаб, машҳур бўлиши кераклигини ҳисобга олинг.
Ўктам Худойбердиев.