Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳар бир дастур ва режа ўз вақтида бажарилиши зарур

Бугун Самарқанд шаҳрида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қирқ тўртинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб, вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг янгиланган ташкилий тузилмасини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратида коррупцияга қарши ички назорат қилиш шўъбаси ташкил этилди. Депутатлар вилоят ҳокимининг бу ҳақдаги қарорини тасдиқладилар.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти бош мутахассиси М.Расулов бошқа ишга ўтаётганлиги муносабати билан ушбу вазифадан озод этилди ва унинг ўрнида Ж.Жавинов фаолият бошлайдиган бўлди.

Сессияда вилоятда 2022-2023 йилларда жарроҳлик ёрдамини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 октябрдаги “Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган дастурда вилоятда хирургия йўналишидаги касалликларнинг олдини олиш, диагностика қилиш ва даволаш сифатини ошириш, илм-фанни ривожлантириш, тиббий муассасалар моддий-техника таъминоти ва кадрлар тайёрлаш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган.

Шундан сўнг вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Депутатлар вилоят бюджетининг 2021 йилда шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлар учун 19 миллиард 776 миллион сўм ажратишга қарор қилдилар.

Сессияда вилоят ҳокимлиги ижро-назорати бўлими раҳбари З.Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги фармойиши билан жорий қилинган “Ijro.gov.uz” электрон тизими орқали шу кунга қадар Самарқанд вилоятига 907 та ҳужжат асосида 6 212 та топшириқ келиб тушган. Уларнинг 4 425 таси ижро этилган, 801 таси кеч бажарилган, 1773 таси бажарилиш жараёнида бўлса, 14 та топшириқ маълум бир сабабларга кўра бажарилмаган.

Топшириқлар ижросига эътиборсиз қараган масъуллар огоҳлантирилиб, вазифаларни бажариш бўйича аниқ муддат белгиланди.

Сўнгра Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Неъматовнинг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг вилоятдаги ижроси юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатида вилоятда 421 минг 884 нафар пенсия ва нафақа олувчилар бўлиб, йилнинг тўққиз ойида пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар учун 2 триллион 665 миллиард сўмдан ортиқ маблағ молиялаштирилган. Биргина сентябрь ойи учун 415 минг 558 нафар фуқарога қарийб 371 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Йилнинг ўтган даврида 29 минг 575 нафар фуқарога биринчи маротаба пенсия ва нафақалар тайинланган.

Бошқарма бошлиғи аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга ҳам эътибор қаратиб, бу мурожаатларнинг асосий қисми, яъни 91,3 фоизи кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш масаласида эканлигини таъкидлади. Ушбу йўналишдаги нафақалар ва моддий ёрдам бугунги кунда инсон омилисиз “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали тайинланиши ёки рад этилишини инобатга олиб, бу борада аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

– Дунё амалиётида шундай – камбағал инсонни ишга жойлаштириш чораси кўрилади. Уларнинг бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаига эга бўлишига эришилади, - деди Э.Турдимов. - Биз ҳам шундай йўл тутамиз. Ишламайдиган, берсанг ейман деб фақат давлатдан моддий ёрдам сўрайдиган соғлом кишиларга иш таклиф этамиз. Марҳамат, ишласин, яшаш учун курашсин. Меҳнат қилган кишига, шунда ҳам ҳаётини изга туширолмаса, моддий ёрдам ҳам берамиз, қўллаб-қувватлаймиз ҳам. Ишламасдан, маҳалладан моддий ёрдам кутиб яшаш вақти ўтди энди, тизим ўзгарган ҳозир.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурининг ижроси юзасидан ахборот берган “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси вилоят бўлими бошлиғи Д.Набиевнинг айтишича, 2018-2020 йилларда Давлат дастури доирасида вилоятимизда ёшларнинг 937 та бизнес лойиҳаларига 194 миллиард 537 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Бунинг натижасида 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Давлат дастури доирасида 49 та “Yoshlar mehnat guzari” мажмуалари фойдаланишга топширилган.

Депутатлар Д.Набиев ахборотини маълумот учун қабул қилиб, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасадди ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини бердилар.

Сессия кун тартибига киритилган “Мароқанд Обод” давлат унитар корхонаси бош директори Ш.Насимовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Давлат қарзи ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг натижадорлигини таъминлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан ҳисоботини Самарқанд шаҳар сектор раҳбарлари ва тегишли соҳалар масъуллари билан биргаликда кейинги сессияларда кўриб чиқишга қарор қилинди.

Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.