Ҳар уч маҳаллага бир инспектор бу лавозим одамларга қандай манфаат келтиради?

Президентимизнинг 2021 йил 6 майдаги “Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Ургут, Булунғур ҳамда Паст Дарғом туманларида маҳаллабай ишлаш тизими бўйича Маҳалла марказлари ташкил этилган эди.

Қайд қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги “Маҳаллабай ишлаш марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу асосда қолган шаҳар ва туманларда ҳам Маҳалла марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Маҳалла марказига 9 нафар штат бирлиги ажратилиб, ҳар 3 та маҳаллага биттадан инспектор бириктирилди. Бу орқали маҳаллабай-хонадонбай ишлаш тизими жорий этилди.

Табиий савол туғилиш мумкин, тизимнинг афзалликлари нима, инспекторлар одамларга қандай манфаат келтиради?

Биринчидан, мазкур тизим маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро билан индивидуал ишлаш имконини беради. Бунда ҳар бир фуқаро билан суҳбатлашиш ва ундаги мавжуд муаммоларни яқиндан ўрганиб, тезкорликда тегишли чоралар кўрилади.

Иккинчидан, шу пайтгача аҳоли тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун банк ва маҳаллий ҳокимият орасида сарсон эди. Энди тадбиркорлик қилиш истагини билдирган фуқаро инспекторлар ёрдамида ўз фаолиятини бошлаши мумкин.

Учинчидан, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш истагини билдирган фуқаролар маҳаллабай ишлаш инспекторига мурожаат қилади. Инспектор зарур ҳужжатларни тайёрлаб, келгусида даромад топиши мумкин бўлган йўналишда ўқишига кўмаклашади.

Тўртинчидан, инспекторлар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли билан индивидуал тарзда ишлайди. Улардаги мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, бандлигини таъминлаш ҳамда доимий даромад манбаига эга бўлиши учун тегишли ишларни амалга оширади.

Бешинчидан, маҳаллада ўтказилган сўровномалар натижасида аҳолининг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун замонавий асбоб-ускуналар ҳамда мини технологияларга бўлган хоҳиш-истаклар аниқланади. Бугунги кунда инспекторлар ёрдамида мазкур рўйхатдаги фуқаролар ҳақиқатда муҳтожлиги ўрганилиб, уларга асбоб-ускуналар тарқатилмоқда. Натижада, аҳоли тадбиркорлик, ҳунармандчилик орқали ўзини ўзи банд қилмоқда.

Олтинчидан, маҳалладаги инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида инспекторлар ёрдамида ижтимоий объектлар, шунингдек, таъмирлашга муҳтож ижтимоий объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, Маҳалла марказлари орқали туман ва шаҳар ҳокимларига етказилмоқда. Тегишли дастурлар асосида мазкур объектларни таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.

Еттинчидан, инспекторлар хорижда меҳнат фаолиятини юритаётган, ўқиётган фуқароларни аниқлаб, зарур ҳолларда амалий ёрдам бериш чораларини кўради.

Зафар Раҳимов,

вилоят иқтисодий тараққиёт ва қамбағаликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.