Ҳар йили 8-10 миллион киши силнинг юқумли турлари билан касалланади, қарийб 3 миллион киши вафот этади
Сил - инсониятга маълум бўлган энг қадимий хасталиклардан бири бўлиб, эрамиздан аввалги V асрда қадимги юнон олими Гиппократ ижтимоий хавфи юқори бўлган ушбу касалликка таъриф берган.
Афсуски, узоқ йиллик тарихга эга бўлган ушбу хасталик учинчи минг йилликка келиб ҳам йўқолиб кетмади. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда ер юзида ҳар йили 8-10 миллион киши силнинг юқумли турлари билан касалланади ва қарийб 3 миллион киши вафот этади.
Ушбу хасталикнинг юқиш йўллари, манбалари, даволаш профилактикаси ҳақида ССВ матбуот хизматига Қашқадарё вилояти Фтизиатрия ва пульмонология марказининг торакал хирургия бўлими мудири Азамат Шарипов маълумот берди.
- Сил қандай хасталик?
- Сил - ер юзида энг кўп тарқалган юқумли ва сурункали инфекцион хасталик бўлиб, у касаллик таёқчаларининг организмга тушиши оқибатида ривожланади. Хасталик гранулёматоз реакциянинг бошланиши ва организм турли системаларининг зарарланиши, ҳар хил клиник аломатлари ва патологанатомик кўринишлар билан кечади.
Сил таёқчаси даставвал ўпкани зарарлайди. Айрим ҳолларда мия ва мия қобиғи, суяк, бўғин, жинсий аъзолар, кўз, ичак ва бошқа аъзолар сили ҳам кузатилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, яқин 20 йил ичида яна 200 миллион киши мазкур хавфли хасталикка чалиниши, 70 миллион киши эса бу дард туфайли ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Беморларнинг 75 фоизини 20-40 ёшдаги кишилар, яъни меҳнатга лаёқатли ва туғиш ёшидаги аёлларни ташкил қилади.
Шуниси қувонарлики, бугунги замонавий тиббиёт аксарият сил касалликларини даволаш имконига эга. Агар касалликни аниқлаш ва даволаш тўғри, қатъий назорат остида ва тўхтатиб қўйилмасдан олиб борилса, бемор, албатта, соғайиб кетади.
- Касалликнинг ўзига хос қандай белгилари бор?
- Силга чалинган инсонларда биринчи галда йўтал кузатилади. Шу билан бирга, қувватсизлик, кўп терлаш, кўкрак қафасида оғриқ, иштаҳа пасайиши, озиб кетиш, тез чарчаш каби ҳолатлар ҳам беморни безовта қилиши мумкин. Улар кўпинча бундай белгиларга эътибор қилавермайди ва шифокорга мурожаат этмай, ўзи мустақил даволанишга уринади. Бироқ кейинчалик бу белгилар зўрайиб, бемор қон аралаш балғам туфлай бошлайди. Бу эса хасталик анча кучайиб кетганидан далолат беради.
Юқорида таъкидлаганимиздек, доимий йўтал - силга хос аниқ белгидир. Агар йўтал икки ҳафтадан кўпроққа чўзилса, у ҳолда бемор дарҳол тиббий муассасага мурожаат этиши ва сил касаллигини аниқлашга доир кўрикка жалб этилиши лозим.
- Сил касаллиги асосан қаерда ва қандай ҳолатда кўпроқ юқади?
- Мазкур хавфли касаллик кўпроқ ҳаво орқали тарқалади. Вирус даставвал касалланган кишиларнинг ўпкасида ривожланади ва кўпаяди. Бунда яллиғланиш юз беради, кейинчалик тўқима зарарлана бошлайди, парчаланиш участкалари коваклар (каверналар) пайдо бўлади.
Бу ерда миллионлаб бактериялар тўпланади. Бемор йўталганда, акса урганда, гаплашганда сил бактериялари ҳавога ажралиб чиқади. Бактериялар ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин. Агар очиқ (юқумли) шаклдаги сил билан касалланган бемор шамоллатилмаган хона (квартира, иш жойи, касалхона палатаси, транспорт)да узоқ вақт ўтказган бўлса, шу ердаги ҳавода айланиб юрган бактерияларнинг сони шунчалик кўпайиб кетадики, улар бошқа кишиларнинг нафас йўлларига осонликча ўтади. Бу силни юқтиришнинг асосий йўли бўлиб, ҳаво-томчи усули деб аталади.
Демак, ҳеч ким сил таёқчаларининг юқишидан ҳимояланган эмас. Силни ҳар қандай ёшда ҳам юқтириш мумкин, айниқса, болалар ва камқувват катталар учун касаллик жиддий хавф туғдиради.