Ҳаракатсизлик - йўқ жойдан муаммолар, дегани

Кейинги йилларда ота-оналар болаларининг таълим олиши учун алоҳида эътибор қаратяпти. Мактаб, ундан кейин репетиторлик. Баъзи оилалар кун давомида болаларини тил ўрганиш, дарс тайёрлатиш билан машғул қилиб қўйган. Бу жуда яхши, албатта. Қолаверса, болалар бўш вақт бўлди, дегунча телефон ва бошқа гаджетлар билан андармон бўлишади. Боланинг соғлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган оддий қоидаларни унутиб қўяяпмиз. Шуни унутмаслик керакки, спорт ва жисмоний фаоллик боланинг камолотида, соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Яқинда бир танишимиз фарзандининг умуртқа поғонаси қийшайишидан нолиб қолди. Муаммосига ечим излаган она ўсмир ёшдаги болаларда бундай ҳолатлар жуда кўпайганини айтди. Ростдан ҳам бугун айниқса, шаҳар ҳудудларида умуман жисмоний ҳаракатларга ҳуши йўқ авлод вояга етмоқда. Бу жуда ташвишланарли. Ўша она боласидаги бу нуқсонни тўғрилатиш учун жуда катта маблағ, вақт сарфлади. Қолаверса, умуртқа поғонаси тўғриланиши учун ойлаб, баъзида йиллаб муддат лозим бўлади.
Ҳаракат бола танасининг тўғри ўсиши ва ривожланиши учун жуда муҳимдир. Мунтазам жисмоний машқлар юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди ва нафас олиш тизими, мушаклар ва суякларнинг ривожланишига ёрдам беради. Фаол турмуш тарзини олиб борадиган болаларда семизлик ва шунга ўхшаш касалликлар, масалан, диабет, гипертензия ва бошқалар касалликлар ривожланиш хавфи камроқ.
Бундан ташқари, спорт тўғри ўсишни ва ривожланишни, мослашувчанликни ривожлантиришга ёрдам беради. Ўсиш даврида текис оёқлар ва бошқа мушак-скелет тизимининг муаммоларининг олдини олиш айниқса, муҳимдир.
Бугунги кунда болалар кўпинча мактабдаги стресс, тенгдошлари билан зиддият, ташвишларга дуч келишади. Жисмоний фаоллик кайфиятни яхшилайдиган ва стрессни камайтирадиган эндорфинлар - бахт гормонларини ишлаб чиқаришга ёрдам беради. Спорт болаларни муваффақиятсизликларни енгишга ўргатади, қатъият, ўзига ишонч ва ҳаётга ижобий муносабатни ривожлантиради.
Спорт - бу коммуникация ва жамоавий иш мактаби. Футбол, баскетбол, волейбол каби жамоавий спорт турлари болаларни ўзаро ҳамкорлик қилишга, ва биргаликда қарорлар қабул қилишга ўргатади. Спорт масъулият ва ўзаро ҳурмат туйғусини тарбиялайди, бу эса боланинг жамиятга янада мослашишига ёрдам беради.
Мунтазам машғулотлар боладан вақтни режалаштириш, ўзини ўзи тарбиялаш ва мақсадга интилишни талаб қилади. Бу фазилатлар нафақат спортда, балки ўқишда ҳам, келгуси касбий ривожланишда ҳам қўл келади. Спорт зарарли қарамлик эҳтимолини камайтирадиган ва шахснинг уйғун ривожланишига ёрдам берадиган фойдали одатларни шакллантиради.
Ота-оналар ва ўқитувчилар спортга бўлган қизиқишни шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Болаларга фаол турмуш тарзи учун шароит яратиш: бирга сайр қилиш, спорт машғулотларига қатнашиш, турли тадбирларни рағбатлантириш муҳимдир. Энг муҳими, босим ва натижалар учун пойга эмас, балки ҳаракат ва ривожланиш болага бир олам қувонч беради.
Демак, болалар учун спорт шунчаки жисмоний машқлар эмас. Бу ҳар томонлама ривожлантириш, саломатликни мустаҳкамлаш ва ҳаётий қадриятларни шакллантиришнинг муҳим воситасидир. Биз боламизни спортга қизиқишини қўллаб-қувватлаб, унга соғлом, ишончли ва бахтли инсон бўлиш имкониятини яратамиз.
Дилбар ИСЛАМОВА,
Самарқанд давлат медицина университети ўқитувчиси.