Ҳарбийлар Нодир Жонузоқнинг муҳаббатни мадҳ этган, Абдураззоқ Обрўйнинг "ичакузди" шеърларидан баҳраманд бўлди

Марказий ҳарбий округ маданият ва маърифат марказида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Халқ ва армия бир тану – бир жон” шиори остида тадбир ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси Нодир Жонузоқ, мазкур кенгашнинг вилоятдаги аъзоси Фармон Тошев, таниқли шоир, истеъфодаги подполковник Абдураззоқ Обрўй қатнашиб, ҳарбий хизматчиларни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан самимий табриклади.

Кейинги йилларда ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар ҳақида тўхталди. Ҳарбий бўлиш нақадар шарафли ва албатта ўта масъулиятли касб эканлиги таъкидлади.

Тадбирда ҳарбийлар Нодир Жонузоқнинг муҳаббатни мадҳ этган, Абдураззоқ Обрўйнинг "ичакузди" шеърларидан баҳраманд бўлди. Х.Очилов ва Ф.Тошев ҳарбийлар ҳаёти билан боғлиқ қизиқарли воқеаларни айтиб берди.

- Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий тайёргарлиги баробарида интеллектуал салоҳиятли бўлиб бораётгани, яъни кўнгил тайёргарлиги, руҳий тайёргарлиги биз ижод аҳлини қувонтирди, - дейди Нодир Жонузоқ. – Бу, албатта, ҳарбийларнинг маънавий салоҳиятини янада оширишга қаратилган ишларнинг самараси. Мени хурсанд қилган яна бир жиҳат - кутубхонадаги китобларнинг елимлангани, таъмирлангани бўлди. Чунки китоб кўп ўқилса эскиради, қўлма-қўл бўлса таъмирланади. Бу китоблар кўплаб ҳарбий хизматчига маънавий озуқа бўлганидан нишона.

Меҳмонлар томонидан тадбирда фаол қатнашган ҳарбийларга ва ҳарбийлар кутубхонасига китоблар совға қилишди.

Ҳусан Элтоев.