«Ҳасадчи дўст – энг хавфли ғаним»
Яқинда “Академнашр” нашриётида Алишер Айматли (Эсиргап Болиев)нинг “1001 хазина” китоби чоп этилди.
Китоб муаллифи Қўшработ туманининг Аймат қишлоғида таваллуд топган. Айни пайтда АҚШда, Нью-Йорк шаҳрида яшаб, ижод қилмоқда.
Унинг шеърларини илк бор Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида
пахта теримига ҳашарга чиққан пайтимизда эшитган эдим. Ўшандан буён орадан қарийб 45 йил ўтди. Жиззах давлат педагогика институтида, ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиганимиз, кейинчалик бир жабҳада - журналистика соҳасида хизмат қилганимиз туфайли Алишер билан доимий мулоқотда бўлиб турардик.
Маълум муддат вилоят “Зарафшон” газетаси таҳририятида биргаликда ишладик. Республикада янги
нашр - “Халқ сўзи” газетаси ташкил қилиниши муносабати билан Алишер Айматли шу газетага ишга ўтди.
Кўп йиллар у республиканинг бош газетаси таҳририятида самарали меҳнат қилди. Салмоқли ва долзарб
мавзудаги публицистик чиқишлари, ҳозиржавоб ва таҳлилий мақолалари билан газетхонлар ҳурматини қозонди. Ўзига хос шеърлари, тўртликлари туфайли пойтахт адабий муҳитида эътирофга сазовор бўлди. Бирин-кетин “Юрак мезонлари”, “Арслон уяси”, “60”, “Кўнгил ҳикматлари” китоблари нашр қилинди.
“1001 хазина” тўплами Алишер Айматлининг янги китоби. Унга кейинги йилларда битган тўртликлари киритилган. Китобдаги тўртликларнинг аксарияти ватан, юрт, комил инсон, ота-она меҳри, вақт қадри, дўстликка садоқат, муҳаббатга вафо, ҳасад ёки хиёнат мавзуларида. Аслида булар янги мавзулар эмас. Аммо ифодада, тасвирда, ташбеҳда ўзига хослик бор. Буни ҳақли равишда муаллифнинг ижодий ютуғи, муваффақияти дея баҳолаш мумкин.
Ҳаёт турфаликлар билан лиммо-лим. Ҳақиқат фалсафалари турмуш
чорраҳаларида юзага келади. Шу маънода китобдаги ҳар бир тўртликда Алишер Айматлининг узоқ йиллар давомидаги кузатишлари, қалб кечинмаларининг таҳлили мужассам.
Муаллифнинг фалсафий мушоҳадалари тасвирдаги шоирона маҳорат билан уйғунлашиб, китобхон диққатини тортадиган гўзал ашъорлар юзага келишини таъминлаган. Сиз дуч келган ёки ҳали учратмаган ҳақиқатлар Алишер Айматли томонидан маржондек ипга тизилган.
Аллоҳ сенга ҳаёт берган экан
бунинг ўзи катта иноят, дейди шоир “Танлов” шеърида. Лекин бахтли бўлиш танлови ўзингга, сенинг ҳаракатингга боғлиқ, деб хулоса чиқаради.
Ширин ҳавас, эзгу ниятлар қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, бу йўлда иштиёқ билан интилиш, ўқиш-ўрганиш, меҳнат қилиш, машаққатларни дадил енгиб ўтиш лозим бўлади.
Ҳаёт текис эмас, йиқиларсан бот,
Оёққа қалқирсан, юришса довинг.
Тириклик – Аллоҳим берган иноят,
Бахтли бўлиш эса...сенинг танловинг.
Китобдаги “Ўзиб кет” тўртлигида лирик қаҳрамон фарзандига
ҳавойи ҳавасга берилиб, кимларгадир тақлид қилмасликка, бировлар ортидан чопмасликка, аксинча ўзи учун астойдил ўзи ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлайди.
Бой бўлай демадим, ўзинг биласан,
Ўзгалар ортидан югурмадим ҳам.
Бировларни қувиб нима қиласан?
Аввал сен ўзингдан ўзиб кет, болам.
Тўртликларни ҳикматга йўйганимиз бежиз эмас. Негаки, баъзи сатрлар беихтиёр бизга халқ мақолларини эслатади. (Китобнинг номланишида ҳам бунга ишора бор). Сатрларнинг битилиши, сўзларнинг қўлланилиши мураккаб эмас, халқона. Мутолаага киришар экансиз, гоҳида оддий, жўн сатрлар замирида инсон хилқатидаги мубҳам ҳақиқатлар чўнг ва салобатли тарзда намоён бўлишини ҳис этиб, қалбингиз ҳаяжонга тушади. Бу муаллифнинг халқ ижодига яқинлигидан, насл-насаби улуғ бахши Эргаш Жуманбулбул авлодига туташ эканлигидан бўлса ажаб эмас.
Ҳавас бор экан, баъзида у билан ёнма-ён ҳасад ҳам ўзлигини кўрсатиб туради. Ҳавасга қарама-қарши ўлароқ ҳасад кишининг қалбини кемирибгина қолмай уни тубанликка қараб тортади. Ҳамкасб ҳасади ёки қўни-қўшни ғайирлиги туфайли зимдан туғилган ташвишлар, пинҳоний таъна тошлари оқибатида аянчли азобларни бошдан ўтказган одам буни яхши билади. Борди-ю дўстинг ҳасадчи бўлса-чи? Шоир ҳаёти давомидаги хулосаларини умумлаштириб, бу ҳолатни душманлик, энг хавфли ғанимлик деб атайди:
Соч оқариб, қомат бўлиб хам,
Бу дунёда шу англаганим:
Кучсиз душман дўст бўлар салкам,
Ҳасадчи дўст - энг хавфли ғаним.
Ота-боболаримиз азалдан
ориятни, номусни юксак қадрлаб, бу туйғуларни эъзозлаб келишган.
Шахснинг ахлоқсизликни, номусни йўқотишини энг мудҳиш ҳолат сифатида жамият қабул қилмаган, унга қарши турган. Халқимиз номуссиздан ҳазар қилган, бунга ёмон иллат, худбинлик деб қараган. Шу боис одоб-ахлоқ борасидаги тарбиянинг асосий мақсади шунга йўналтирилган.
Китобдаги “Йўқотиш” шеърида ҳам юқоридаги сингари даъватга рўбарў
бўламиз.
Илмни йўқотсанг, китобдан изла,
Пулингни йўқотсанг, тер тўкиб ишла.
Номусни йўқотма, топа олмассан,
Хоҳ изла, хоҳ ишла ва хоҳи йиғла.
Алишер Айматлининг “1001 хазина” тўплами уч тилда – ўзбек (лотин ва кирилл ёзувларда), инглиз ва рус тилларида чоп қилинган. Бу эса ҳаётий ҳикматлардан янада кўпроқ киши баҳраманд бўлиш имкониятини яратади.
Амрилло АҲМЕДОВ,
журналист.