Ҳайдовчиларнинг “ким ўзар”га ҳаракатланиши оқибатида автобуслар тўқнашиб кетди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 72 ҳамда 148-сонли автобус йўналиши ҳайдовчиларининг ким ўзарга ҳаракатланиши акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ мазкур ҳолатни ўрганиб чиққан ҳолда қуйидагиларни маълум қилди:
"2020 йилнинг 4 декабрь куни соат 07:40 ларда "2-автобус саройи" МЧЖ ҳайдовчиси Ф.Мирсаидов 72-сонли йўналишда “Мерседес-Бенц Low Floor” русумли автобусни, "5-автобус саройи" МЧЖ ҳайдовчиси Д.Дўсматов 148-йўналишда "Исузу" русумли автобусни Махтумқули кўчаси бўйлаб бошқариб бораётиб, йўловчилар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда ким ўзарга ҳаракат қилган ва "Ашхобод сайлгоҳи" бекатида тўқнашув содир этган.
Ўз навбатида, мазкур ҳайдовчилар йўловчилар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда ҳаракатланиб, қоидабузарликка йўл қўйиши оқибатида ЙТҲ содир бўлганлиги учун улар билан автосарой ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди", дейилади хабарда.