Ҳаётий ҳикоя: Ҳаром луқма "мева"си
Бир куни рўпарамдан собиқ ўқувчим Аҳмад чиқиб қолди.
- Домла, бир ёрдамингиз керак, - деди у ўйчан. - Ўғлимни уйлантирмоқчи эдим. Аммо у мен айтган қизга уйланмаяпти. Уни ҳам ўқитгансиз. Сиз айтсангиз гапингизни олар...
Ўғли билан албатта гаплашишимни айтиб, Аҳмадни хотиржам қилдим.
Бир-икки кун ўтиб ўғли Турдиқулни кўчада учратдим. Аҳмаднинг гапи эсимга тушди.
- Қачон паловингни еймиз энди, - дедим унга шаъмали қилиб.
У гап нимадалигини тушунди.
- Э домла, дардимни қўзғаманг, ўзи отамни кўндиролмаяпман, - деди жиғибийрон бўлиб.
- Нега, - дедим уни яна гапга солиш учун.
- Мен Сунбулани оламан десам, дадам бўлса анави Насибани обераман, дейди.
У айтган икки қизни ҳам яхши билсам-да, унинг ўзини фикрини билгим келди.
- Тўғри айтибди, Сунбуладан Насиба афзалку, - деб унинг яхши хислатларини санай бошладим.
Турдиқул мени тинглаб турди-да, бирдан ғазаб отига минди.
- Эҳ домла, отамнинг калласи ишламайди, десам сиз ҳам отамдан кам эмас экансиз, - дея зарда қилди.
- Нега ундай деяпсан, - дедим унинг гапидан жаҳлим чиқса-да ўзимни босиб.
У менга худди ёш болага тушунтиргандек обдон гап бошлади.
- Сунбула отасининг ёлғиз фарзанди. Уларнинг уч қаватли данғиллама уйи, учта машинаси бор. Эрта бир кун ота-онаси ўтиб кетса, шунча мол-дунёнинг ҳаммаси менга қолади.
- Мол-давлати майли. Мен Сунбулани ўқитганман, унинг феълини биламан. Бордию у сенга вафодор бўлмаса-чи, - дедим уни бу фикридан қайтаришга умид қилиб.
- Менга барибир, - деди у. – Бор бисоти менга қолса бўлди.
Собиқ ўқувчимга ўғлинг билан гаплашаман, деганимда бу иш осон кўчади деб ўйлагандим. Афсуски, у гапга кўнадиган эмаслиги кўриниб турибди.
Эртасига кўчада Аҳмадни учратдим.
- Устоз, гаплашдингизми, - деди мени кўриб жонланган шогирдим.
- Сендан бир нарса сўрасам майлими, - дедим уни четга тортиб.
- Сўранг, - деди у қулоқ тутиб.
- Аллоҳдан шу фарзандни сўраган пайтларингда рўзғорингга билиб-билмай ҳаром луқма олиб келиб юрмаганмидинг?
У гапимдан бир сесканди-ю, сўнг хомуш хўрсинди.
- Ҳа домла, ўша пайтлар босар-тусаримни билмай юрган, бировнинг ҳақига парво қилмаган пайтларим эди чиндан.
...Мен бу гапдан кейин кўп гапирмадим. Фақат:
- Ота-боболаримиз фарзандни ҳаром луқмадан орттирманглар, деганлар, - дедим холос.
Хулосани чиқариб олгандир.
Мамадамин Ражабов.