Ҳаётий ҳикоя: Мағлубиятдан олинган сабоқ
3-синфда ўқиган пайтларим. Товуғимиз “курк” бўлиб, ўндан ортиқ жўжа очди. Улар орасида патининг ранги тўқ қизил-қора аралаш бир хўрозча гавдаси кичикроқ бўлса-да, “ака-ука”ларига нисбатан олғирроқ, чаққонроқ бўлиб улғая бошлади.
Қичқириб бошлар-бошламас, уни "ринг"га ўргата бошладим. Маҳалладаги қўни-қўшниларнинг хўрозлари орасида унга даъвогар қолмади. Бир куни қўшни маҳаллада яшовчи амакимнинг мендан тўрт ёш катта ўғли Мақсуд “хўрозлар жанги”га бизни таклиф этиб қолди. Хўрозимни олиб бордим. Мақсуд акам, унинг акаси Зоҳид акамларнинг хўрозларини бирин-кетин шунақанги додини бердики, у билан фахрланиб кетдим.
Акамларникидан уйга келгунча худди жаҳон чемпионидек "учиб" келдик. Хўрозчамга боқсам, у ҳам мағрур, бирданига икки рақибни, яна ўз уйида “ер тишлатган”идан бироз чарчаган бўлса-да, ғолиблик чарчоқдан устун келарди. Уйга келиб, хўрозимни «оила»си бағрига қўйиб юбордим, керилиб туриб ғолибона бир қичқирди.
Бир куни Мақсуд акам “реванш”га таклиф қилди, хўрозимни олиб бордим. Жанг жуда шиддатли, узоқ давом этди. Бу - кучи тенг рақиблар тўқнашуви эди. Ҳар икки хўроз ҳам ҳолдан тойди, аммо мени хўрозим бироз мағлубиятни тан олгандек бўлди.
Қандай уйга келганимни билмадим, йўл-йўлакай хўрозимнинг қонига беланган ҳолатига қараб жуда ачиндим. Тўқ қизил, қора патлари қон ранги билан аралашиб, бошқа бир тусга кирган эди.
Онам тандирда нон ёпаётган экан, ҳаракатларимдан нима бўлганини сезди. "Болам, уриштирмагин дердим сенга, жонивор азобланибди-ку" деди. Хўрозимни катакка қўйиб юбордим, бу сафар қичқирмади, айбдордек ўзини четроққа олди.
Панага ўтиб хўрсиниб-хўрсиниб йиғлаб олдим. Хўрозимни қийнаганим учун ўзимни жуда ёмон кўрдим. Шу билан хўрозлар жангини бир умрга тарк этдим.
Шерзод Сувонқулов.