Ҳиндистон пойтахтида мингдан ортиқ кулба ёниб кетди

Деҳли шаҳрининг жанубий-шарқида жойлашган Туглакободда душанбадан сешанбага ўтар кечаси мингдан ортиқ кулба аланга ичида қолди. Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этганлар йўқ. Бу ҳақда Zee news телеканали хабар берди.

“Биз харобаларда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида соат 00:15 ларда хабар топдик. Шундан сўнг воқеа жойига 28 та ўт ўчириш бригадаси юборилди. Тонгги 4:00 ларда аланга назоратга олинди. Ҳозирча жароҳатланганлар ва қурбон бўлганлар қайд этилмади”, дея таъкидлади ўт ўчириш хизмати раҳбари Атул Гарг.

Унинг сўзларига кўра, эрталабки соат 8:00 атрофида ёнғин бутунлай бартараф этилган. Ёнғин ушбу ҳудудда жойлашган кулбаларнинг деярли ярмини йўқ қилган.