Ҳиндистоннинг шимолидаги ёмғир ва сув тошқинлари икки кун ичида 58 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Ҳиндистоннинг шимолий штатларида ўтган икки сутка мобайнида чақмоқли ёмғир ёғиши ва у келтириб чиқарган сув тошқинлари оқибатида камида 58 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда NDTV телеканали сешанба куни хабар берди.

Маълумотларга кўра, қурбонлар сони бўйича Уттаракханд штати етакчилик қилмоқда – у ерда табиий офат туфайли 32 киши ҳалок бўлган. Қолган 26 та қурбон бўлганлар ҳақида маълумот Уттаракханд штатининг ёнида жойлашган Химачал – Прадеш штатидан келган. Ушбу ҳудудларда кучли ёғингарчиликлар кўплаб ер кўчишлари ва дарё сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлган. Телеканалнинг хабар беришича, табиий офат бир қатор яшаш ҳудудларини ва у ердаги туристларни дунё билан бутунлай алоқаларини узилиб қолишига сабаб бўлган.

Ҳиндистоннинг пойтахт ҳудудидаги аҳвол ҳам яхши эмас – тинимсиз ёмғирлар оқибатида Ямуна дарёси суви хавфли нуқтадан ўтиб кетган. Ўтган 24 соат мобайнида Нью–Дели раҳбарлари дарёга яқин ҳудудда истиқомат қиладиган 10 мингдан ортиқ аҳолини эвакуация қилишди.

Июнь ойининг охирида Ҳиндистоннинг жанубий ва ғарбий ҳудудларида бир қатор аҳоли яшаш масканларини сув остида қолдирган кучли ёғингарчилик кузатилган эди. Умумий ҳисобда бир неча юз минг аҳоли эвакуация қилинганди. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, ҳозирги табиий офат Ҳиндистон учун сўнгги ўн йилда энг талофатлиси бўлди.