Ҳисоботларга эмас, амалий ишларга баҳо берилади

Самарқанд шаҳрида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этишга бағишланган семинар ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоятдаги ёшлар сиёсатини амалга оширишга мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус асосида парламент юқори палатаси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида қарор, низом ва рейтинг баҳолаш тартиби ишлаб чиқилиб, тасидиқланганини таъкидлади.
– Ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан яхшилаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш, ёш кадрлар захирасини шакллантириш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, саломатлигини асраш каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган рейтинг тизимини ишлаб чиқишда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун асос қилиб олинди, - деди Б. Сайфуллаев. – Бундан кўзланган мақсад белгиланган вазифалар ижросини амалда ҳақиқий бажарилишини таъминлашдан иборат. Биз ўрганишларимиз давомида кўп жойларда қоғоздаги ҳисоботлар амалда исботини топмаганини кўрдик. Янги тизим бундай ҳолатларга чек қўяди. Рейтинг тизими бўйича баҳолашни ташкил этиш Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар ва туман бўлимлари томонидан олиб борилади. Бунда ҳар бир маълумот, рақамлар бўйича шахсан ҳудудларнинг биринчи раҳбарлари жавобгар бўлади.
Ушбу ишларнинг назорати Ёшлар ишлари агентлиги зиммасига юкланганлиги кўпчиликда агентлик нимани хоҳласа шуни ёзади-да, деган тушунча уйғотиши табиий. Йўқ, бундай бўлмайди. Чунки, рейтинг тизими бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ахборотлар Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёшлар дафтари” бўйича ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган электрон платформа орқали амалга оширилади. Киритилган маълумотларнинг амалдаги ҳолати ҳам ўрганилади.
Белгиланган меъёрлар асосида энг юқори балл тўплаган ҳудудлар аниқланиб, масъуллар рағбатлантирилиши кўзда тутилган. Энг паст кўрсаткич қайд этилган ҳудудлар ҳам танқидий таҳлил қилиниб, масъулларга нисбатан белгиланган таъсир чоралари қўлланилади. Энг муҳими, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш энди фақатгина амалий чора-тадбирлар билан бажарилади. Энди шунчаки ҳисоботлар билан ишлашга йўл қўйилмайди.
Семинарда рейтинг тизими ёшлар сиёсати борасида белгиланган вазифаларни жамиятнинг қуйи бўғинларига ҳам етиб боришини таъминлаш, ёшлар учун яратилган имкониятлардан уларни ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланишларини таъминлаш мақсад қилинганлиги алоҳида таъкидланди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари амалиётга киритилаётган янги тизим бўйича фикр-мулоҳазаларини билдириб, унинг самарадорлигини ошириш юзасидан ўз таклифларини баён этди.