Ҳоким Австриянинг "ILF Consulting Engineers" компанияси вакилларини қабул қилди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Австриянинг "ILF Consulting Engineers" компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.

Унда ҳудудда энергия ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш лойиҳаси босқичлари муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг май ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда "ILF Consulting Engineers" компанияси ўртасида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни назарда тутувчи стратегик ҳамкорлик бўйича келишув имзоланган эди. Ушбу келишув доирасида тегишли чора-тадбирлар лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, энергия аудитини ўтказиш, техник назорат ва ускуналарга хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилади. 

Шунингдек, 2025–2026  йилларда 14 та ҳудуддаги 60 та ижтимоий соҳа иншоотларида энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Булунғур туманида лойиҳа бўйича 4 та объектда — боғча, мактаб, поликлиника ва Ёшлар маркази биносида белгиланган ишлар амалга оширилади. 

Энергия аудити натижалари асосида компания мутахассислари биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича концепциялар ишлаб чиқмоқда. Уларда таъмирлаш ва қурилиш учун энг мақбул технологиялар белгиланади. Бунда Ўзбекистон қурилиш материаллари бозори, иқлим шароити ва бошқа омиллар инобатга олинади. 

Учрашувда вилоят раҳбари иситиш ва совитиш тизимлари масаласига алоҳида эътибор қаратди ва электр энергиясидан кўп фойдаланиш ёз ойларига тўғри келишига урғу берди.

"ILF Consulting Engineers" компанияси вакиллари билдирилган барча таклиф ва тавсиялар лойиҳани бажаришда албатта инобатга олинишини таъкидлади. 

Томонлар келгусида ҳам амалий ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.