Ҳоким Сенатда ҳисобот берди
Аввал хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, кейинги уч йилда Президентимизнинг вилоятимизга 6 марта амалга оширган ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида 450 дан ортиқ лойиҳалар тасдиқланиб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.
Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитиб борилган. Маҳаллий депутатлар томонидан аҳоли билан бевосита мулоқот олиб бориш жараёнида, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш давомида кўтарилган муаммоларни ҳал этишга қаратилган депутатлик сўровлари юборилган ва ижроси назорат қилиб борилган.
Мажлисда вилоятни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатаётган айрим муаммо ва камчиликлар борлиги қайд этилди.
Олий Мажлиси Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс ўрганиш давомида 36 та муаммо ва камчиликлар аниқланган. Уларнинг 15 таси бевосита вилоят даражасида ва 21 таси республика вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда ҳал этиладиган масалаларни ташкил этади.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида Олий Мажлис Сенати ўрганиш якунлари муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинган.
Қарорга асосан юклатилган вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндошганлиги учун Паст Дарғом тумани ҳокимининг ўринбосари (О.Аблакулов) эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи (Ш.Ахмедов), Жомбой тумани ҳокимининг ўринбосари (Ҳ.Ҳамраев) огоҳлантирилди.
Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Бугунги кунда аниқланган камчиликларнинг 8 таси ҳал этилди ва 7 таси бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Э.Турдимов пандемиянинг вилоятда иқтисодиётига салбий таъсирининг кўрсатишини олдини олиш борасидаги ишларга ҳам тўхталди. Вилоятда эпидемиологик вазият туфайли фаолиятини тўхтатган 529 та саноат корхонасининг фаолияти тикланиб, 4 854 киши ўз ишига қайтган, ўринлари қайта тикланган.
Июнь ойи якунига қадар яна 22 та саноат корхонасиининг фаолиятини тиклаш, 129 та 25 фоиз ҳамда 319 та 50 фоиз қувватда ишлаётган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш орқали 1702 нафар ходимнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Ўтган 5 ой двомида 241 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди ва 812 та камбағал фуқаролар иш билан таъминланди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6,7 триллион сўни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 3,6 фоизга ўсиши таъминланди.
Ташқи савдо айланмасида жами экспорт ҳажми 89,3 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 8,3 фоизга ошди. Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида жорий йилда умумий қиймати 6,4 триллион сўмлик 815 та лойиҳаларни амалга ошириш ва 11 395 та янги иш ўринлари яратиш белгиланган.
Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳам ахборотлари эшитилди.
Масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, вилоятда ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Уларнинг ижроси устидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.