Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, солиқ инспектори йиғилишларда эмас, маҳаллада бўлиши керак

“Маҳалла еттилиги” тизими ташкил этиляпти. Уни ташкил этишдан мақсад аҳолининг асосий муаммолари маҳалланинг ўзида ҳал бўлишига эришишдан иборат.

Одамлар овораю сарсон бўлиб идорама-идора юрмасдан, маҳалла раисига ёки тегишлича маҳалланинг бошқа ходимига мурожаат қилади. Улар тегишли давлат органига муаммони етказади. Давлат органи вакили муаммони ҳал этади, зарур бўлса, маҳаллага келади.

Аслида шундай бўлиши керак. Амалда-чи? Ҳалигача бошқарув идоралари тизими ушбу янгича ишлаш механизмини ҳазм эта олмаяпти. Бу  йўналишдаги қонун ҳамда давлат раҳбарининг фармон ва қарорлари тўласинча ижро этилмоқда, деб бўлмайди.

Ижтимоий тармоқларда, маҳаллалар телеграм каналларида маҳалла раислари кўтараётган муаммолари эътиборсиз қолиб кетаётганлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Давлат идораларининг масъулиятсизлиги маҳалла раислари ва ходимларининг ишчанлик обрўсига путур етказиши билан бирга фуқароларнинг давлат органларидан норозилигига, ишончсизлигига сабаб бўлмоқда.

Яна бир катта муаммо, бу - маҳалла ходимларининг иш жойида бўлишини таъминлашдир. Афсуски, ходимларнинг юқори турувчи ташкилоти мажлисбозликдан қутула олмаяпти. Айниқса, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва солиқ инспекторини турли йиғилиш-у тадбирларга жалб қилиш давом этмоқда.

Маҳаллага алоҳида солиқ инспектори штати жорий этилган ва уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Уч-тўртта маҳаллага бир нафар бўлса ҳам бор! Улар шаҳар ёки туман идорасида эмас, навбати билан, график асосида маҳаллаларда бўлмоғи ва у ердаги ўзига тегишли ишларни бажариши лозим. Мана, кеча, 5 февралда Самарқанд шаҳар солиқ инспекциясида йиғилиш ўтказилган ва маҳаллаларга бириктирилган инспекторлар ҳам деярли икки соат давомида унда ўтирган. Агар инспекция раҳбарининг аниқ топшириғи бўлса, онлайн тарзда инспекторини хабардор қилиши мумкин-ку! Раҳбарлар, қўйинглар, ходимларинг Президент топшириғини асосида маҳаллада бўлиб, ўзига юклатилган вазифани бажарсин!

Давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 21 декабрда имзоланган 209-сонли фармонда маҳалла раиси вазифалари қаторига қуйидаги вазифа ҳам мавжуд: “Фуқаролар йиғини Кенгашида маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларининг маҳаллада амалга оширган ишлари юзасидан ахборотини эшитиш”. Аниқ белгилаб қўйилганлиги бўйича ҳар ойда камида 5 та давлат ташкилоти раҳбарининг ахборотини эшитиш лозим.

Демак, давлат идоралари раҳбарлари маҳалла ходимларини ҳуда-беҳудага ўз ҳузурига чақирмасдан, пастга тушиб, муаммоси бўлса, ўзи маҳаллага борсин. Энг муҳими, маҳалла раиси бирор бир муаммони кўтарса, қонун доирасида ҳал этилишига эришсин!

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд шаҳар Боғимайдон маҳалла раиси.