Ҳокимларга ҳам осон эмас экан...

Кеча Самарқанд шаҳар ҳокимиятида бир ишнинг муҳокамасида қатнашиб, шунга амин бўлдим. Бир фильмдаги мана бу гап эсимга тушди: “Шоҳ, шоҳ дейсизлар, биз, шоҳларга ҳам осон эмас...”

Самарқанд шаҳрида эски, пастқам, кўримсиз бинолар бузилиб, ўрнига кўркам, баланд, замонавий бинолар қурилаётганидан хабарингиз бор. Ана шундай бузилаётган уйлардан бирида яшаётган фуқаро “Xabar.uz”, “Kun.uz”, “Daryo.uz”, “Nuz.uz” каби интернет нашрлар, шунингдек, давлат газеталарига ҳам бир йўла мурожаат қилиб, ўзининг ҳуқуқи бузилаётганини билдирди.

Биз бориб, ўша уйни кўрдик. Шикоятчи, унинг акаси ва яна бир кишидан бошқа ҳамма уйдан чиқиб кетган, бу учаласи эса қурувчи ташкилотнинг лойиҳаси, қурилиш сметаси, шаҳарсозлик бошқармасининг рухсати, ўт ўчирувчиларнинг рухсати каби ҳужжатларни кўрсатишини талаб қилиб, уйдан чиқмаётган экан. Энг муҳими, уларни уйдан чиқариш тўғрисида шаҳар, вилоят, ҳатто Ўзбекистон Республикаси Олий Суди қарори чиқарилган, мажбурий ижрога ҳам берилган экан. Аммо мажбурий ижро бюро ижрочилари ҳам уларни уйларидан чиқара олмаётган экан.

Биз иккинчи томонни ҳам тингладик. 20 дан ортиқ бошқа яшовчиларни бир йил олдин уйларидан чиқарган қурувчи уларнинг ҳар бирига келишув бўйича, ойига 1 миллион сўмдан улар вақтинча яшаб турган уйларнинг ижараси учун тўлаб берибди. Ҳали уй қурилиб бўлингунча камида яна икки йил шунчадан тўлашини ҳам айтди. Бир йилнинг ўзида ҳали қурилиши тугал бузилмаган уйнинг яшовчиларига тўлаган пули 1 миллиард сўмдан ошибди.

Ростдан бу уч оила уйдан чиқмай ўтираверса, қурувчи ҳар томонлама ютқазади. Ҳар бир ой учун уй эгаларига ижара пулларини тўлаётгани камлик қилгандек, қурилиш жиҳозлари ҳам қимматлашиб бораверади, хизматлар ҳақи ҳам ой сайин ошиб кетаверади.

Энг ёмони, қурувчининг жонига тегиб, шу уйни қурмайман, кечдим, деб кетиб юборса, уйларини бузиб, ақалли битта “розетка” қолдирмасдан ҳамма нарсасини суғуриб олиб, уйдан чиқиб кетганлар ёмон ютқазади. Қайтиб, уйларини яна уй қилгунларича шу уйнинг пулича пул сарфлашади.

Ана шуларни ўйлаб, икки томоннинг ҳам манфаатларига зид келмайдиган бир ечим топиш учун Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимовга мурожаат қилдик ва ҳоким иккала томонни, уйларидан чиқиб кетган барча яшовчиларни, шунингдек, шикоятчилар мурожаат қилган барча ОАВ мухбирларини ҳокимиятнинг мажлислар залига йиғди. Биз томондан “Xabar.uz”, “Daryo.uz”, “Nuz.uz” мухбирлари, “Самарқанд” газетаси муҳаррири иштирок этдик.

– Камида уч соат давом этадиган жанжалга асабларингни тайёрлаб олинглар, – деди ҳоким.

– Йўғ-эй, мана кўрасиз, биз аралашсак, бирпасда ҳал қиламиз, – деб катта гапирдик.

– Мен бу масала юзасидан тўрт марта ҳаммани йиғиб, келишиб олишга ҳаракат қилганман, аммо 4-5 соатлаб чўзилган бу учрашувларнинг бирортасида бир ечимга келишилмаган.

Музокаралар бошлангач, ҳоким бекорга бу гапни айтмаганига амин бўлдик. Роппа-роса уч соат давом этган йиғилишда одамларимизнинг кўпчилигини ақл эмас, эҳтирос бошқараётганига гувоҳ бўлдик. Ҳамма гапирсам, дейди. Бировни эшитмасам, дейди. Фақат менинг айтганим бўлса, дейди. Ҳамма ўр, ҳамма ўжар...

Шикоятчиларнинг иккитаси билан бир кун олдин ўзим келишиб олган эдим: “Уйимизга тенг кучли шундай бошқа уй олиб берсин, чиқиб кетамиз”, дейишганди. Бугун эса ўша гапларидан қайтиб ўтиришибди: “Уйдагилар билан маслаҳат қилдик, бу аҳдимиздан қайтдик”.

Шикоятчиларнинг учинчисининг талаблари ҳаммасидан ошиб тушди. У уйининг бир хонасини дўкон қилган экан. Ўзи икки хонали уйда туриб, унинг ҳам бир хонасини дўкон қилиб олган киши “100 минг доллар турадиган ҳовли ва бозордан битта дўкон олиб берса, чиқаман”, дейди. Уй битгунча чиқиб турадиган бўлсам, ўзимга 1,5 миллион сўмдан ижара пули ва дўконимдан топадиган фойдам ҳисобига ойига яна 1,5 миллион сўмдан, жами ҳар ойда 3 миллион сўмдан бериб турса, чиқиб тураман”, деди.

Қурувчи эса 100 минг долларлик ҳовли олиб бериш талабини эшитиб, ҳушидан кетиб қолаёзди. 3 миллион сўмдан тўлашга ҳам рози бўлмаслигини айтди.

Бу талабни эшитган бошқа яшовчилар ҳам талаб қила бошлашди:

– Бизга ҳам ойига 3 миллион сўмдан берсин унда! Ё булар ҳам чиқсин ёки уйимизни таъмирлаб бериб, бизни ҳам ўз уйимизга қайтаришсин!

Уйдан чиққан яшовчилар чиқмаётган яшовчиларни судга беришларини айтиб, дағдаға ҳам қилишди орада.

– Давлат томонидан тайинланган баҳоловчилар бориб, уйларингни баҳоласин, ўша нархни бериб, қурувчи сотиб олсин, – деди тоқати тоқ бўлган ҳоким.

Кадастр ҳужжатида кўрсатилган ўлчовлар бўйича баҳоланганда уйлари қурувчи таклиф қилаётган пулдан ҳам кам баҳоланишини билган уй эгалари бунга ҳам кўнишмади.

– Ўз танишларингни олиб келиб, баҳоланглар, улар неча пул бераман, дейишса, шу пулни бераман, – деди қурувчи. – Даллол олиб келиб, баҳолатинглар, унга ҳам розиман.

Уй эгалари бунга ҳам кўнишмади. Улар қаердан олишган, билмадик, ҳаммасининг оғзида “100 минг доллар”. 2-3 хонали уйлари уч-тўрт баравар арзон туришларини ўзлари ҳам билишса-да, важлари ҳам ўринли: “Биз тайёр, 30 йил яшаган уйимизни, айримларимиз ўз туғилган уйимизни ташлаб чиқаяпмиз-ку?”.

Хуллас, шикоятчилар у десак, бу, бу десак, у дейишиб, на бизга қулоқ солишди, на ҳокимга. Уч соатлик чегара остонасида ҳоким бошқа ишлари ҳам борлигини айтиб, охирги сўзини айтди:

– Кўрдиларингизми, бу иш ҳал бўлмайди, энди мажбурий ижро ходимлари Олий Суд қарори бўйича иш кўраверишсин!

– Шошманг, яна бир уриниб кўрайлик! – дедик биз, журналистлар.

Икки томонни ҳам бироздан ён босишга ундаб, ўртача, ҳар бир томон манфаатига зид келмайдиган таклифимизни обдон ўйлаб, қабул қилишларини сўрадик. Яна ярим соатча тортишгандан сўнг бундай аҳдлашувга эришдик: икки шикоятчининг ҳар бирига қурувчи уч хонали уй олиб беради, учинчи шикоятчига эса ойига 2 миллион сўмдан бериб туради ва у янги уй қурилиши битгунча уйдан чиқиб туради. Бу аҳдлашувларни қоғозга тушириб, йиғилиш иштирокчилари ҳам имзолари билан мустаҳкамлашди.

Шундай қилиб, ҳали бу аҳдлашувни ҳам бузишмаса, учтагина шикоятчи ва қурувчини бир келишувга кўндириш учун бир кунимиз кетди. Тўрт соатга яқин тортишдик.

Мени бошқа нарса ўйлантириб қўйди: Самарқанд шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари режаси тузилган. Аэропортдан шаҳар марказигача бўлган йўл бўйидаги юзлаб эски уйлар бузилиб, ўрнига бугунги кун талаби даражасидаги замонавий уйлар қурилмоқда. Нарпай кўчасида ҳам кўпгина уйлар бузилиб, замонавий иншоотлар, кўп қаватли турар-жой бинолари қуриш кўзда тутилган. Бу уйларда яшаб турган ҳар бир фуқаро бугун биз гувоҳи бўлгандек, ҳеч бир таклифга кўнмай, уйимдан чиқмайман, деб оёқ тираб туриб олса, нима бўлади? Уйларнинг эгасини рози қилиш қурувчи зиммасига юклатилгани ҳам ҳеч кимга сир эмас, уларнинг ҳар бири товуқнинг катагича келадиган уйларига ҳам “100 минг долларлик ҳовли олиб берасан”, деб туришса, қурувчи ўзининг уйини қаердан топади?

Шу саволларни ўйлар эканман, кўнглимдан шу ўй ўтди:

– Ҳокимларга ҳам осон эмас экан!

Каримберди ТЎРАМУРОД, Самарқанд шаҳри.