Ҳокимлик биноларида қуёш панеллари ўрнатилади

Республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг тахминан 90 фоизи иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. Қолган 10 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари объектларида, яъни гидроэлектростанцияларда ҳосил қилинади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини мамлакат иқтисодиётига кенг жорий этиш мақсадида 2019 йил 21 майда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Қонуннинг 14-моддасига кўра, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилиши белгилаб қўйилган.

Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.

Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.

Шунингдек, 2019 йил 22 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга биноан кейинги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, вилоятимизда Нуробод ва Паст Дарғом туманлари дашт зонаси ҳудудида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси Нуробод тумани Саҳоба ота массиви Тутли аҳоли яшаш пункти ҳудудида Франциянинг “Totol Eren SA” компанияси билан давлат шериклик асосида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳа-смета ҳужжатлари бажарилмоқда ҳамда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссияси мажлисининг 2020 йил 9 ноябрдаги 59-сон баёни 2-иловасига асосан 2021 йилда ижтимоий объектларда иссиқлик ва электр энергиясини ишлаб чиқариш учун қуёш тизимларини ўрнатиш шунингдек, жамоат биноларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича “Мақсадли дастур” қабул қилинган.

Дастурга асосан вилоятимиздаги 342 объектда, жумладан, ҳокимият биноларида, вилоят ички ишлар бошқармаси ва шаҳар, туманлар бўлимлари, вилоят прокуратура идоралари, молия бошқармаси ва бўлимлари, халқ таълими, мактабгача таълим бошқармаларига қарашли объектлар биноларида, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари биноларини қайта тикланувчи энергия манбалари билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бу тадбирлар 2021 йилнинг 4-чорагида бажарилиши белгиланган.

Дастурга киритилган 342 объектда умумий қуввати 9,098 минг кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилган. Бунинг учун 290,8 миллион сўм республика бюджетидан ва 1146,3 миллион сўм маҳаллий бюджетдан молиялаштирилиши белгиланган.

Акрам Бобоев,

“Ўзэнергоинспекция” Самарқанд ҳудудий бўлими бош мутахассиси.