2023 йилда Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 1 100 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станциялари фаолияти бошланади
2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 8000 МВтга етади. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Энергетика вазирлиги маълумотида қайд этилишича, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади.
Ушбу дастурга кўра, умумий қуввати 4 000 МВт бўлган 8 та шамол электр станцияси қурилади. Жумладан, 2023-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1 600 МВт бўлган 4 та ҳамда 2025-2026 йилларда республика бўйлаб умумий қуввати 2 400 МВт бўлган 4 та шамол электр станцияси ишга туширилади.
Шунингдек, умумий қуввати 4 000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари фойдаланишга топширилади. Жумладан, 2023 йилда Самарқанд, Навоий, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 1 100 МВт бўлган 4 та, 2024 йилда Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида умумий қуввати 900 МВт бўлган 5 та ҳамда 2025-2026 йилларда республика бўйлаб жами қуввати 1 800 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари фаолияти бошланади.
Маълум қилинишича, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини бошқариш тизими ҳам ривожлантирилади.