Қуёш ва шамол электр ускунаси учун 15 миллион сўмгача субсидия ажратилади

Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда сўнгги йилларда аҳолининг электр таъминотидаги узилишлар анча қисқаргани қайд этилди. Лекин, куз-қиш мавсумида аҳолининг газга бўлган эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча юклама электр тармоқларига тушмоқда.

Ҳозирги кунда аҳолининг камида 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаби мавжуд. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж яна 10 миллиард киловатт соатга ошади.

Бундай вазиятда энг самарали йўл – муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш.

Президент ушбу масала умуммиллий аҳамиятга эгалигини қайд этиб, муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини таъкидлади.

Бунда, аҳоли ва тадбиркорларга:

- ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади;

- ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилиши белгиланди.