Муқобил энергиядан фойдаланиш ҳам табиатга, ҳам давлат ва корхона “чўнтаги”га фойда келтиради

Мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли ўсиши билан электр истеъмоли ҳам кундан-кунга ошмоқда. Сўнгги беш йилда юртимизда хонадонлар 1 миллион 260 мингтага кўпайди, корхоналар сони 260 мингтага етган. Булар электр энергиясига бўлган талабни 35 фоизга оширди. Хусусан, дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам энергияга бўлган талабнинг ортиши сабаб замонавий, экологик тоза энергиялардан фойдаланиш талаб этиляпти.

Бундай шароитда шамол ва қуёш энергия манбаларидан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Дунёнинг ривожланган давлатларига эътибор қаратадиган бўлсак, Коста-Рика энергиясининг 98 фоизини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқаради. Бу жараёнда гидро, геотермал, шамол, биомасса ва қуёш энергиясидан фойдаланилади. Шотландияда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 97 фоиздан ортиғини қайта тикланадиган манбаларга тўғри келади. Германияда эса қайта тикланадиган манбалар 2035 йилда 100 фоизга етиши кутилмоқда. Хитой шамол ва қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Пекин 2025 йилга бориб энергиянинг учдан бир қисмини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқаришни мақсад қилган.

Энди юртимиздаги имкониятлар ва бугунги ҳолат ҳақида тўхталсак. Ўзбекистонда йилига ўртача 300 кун қуёшли бўлиб, бу 51 000 триллион кВт/соат энергия салоҳиятига эга. Бу салоҳиятдан фойдаланиш орқали табиий газга бўлган эҳтиёжни, атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирни камайтириш мумкин. Мамлакатни 2022-2026-йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида “яшил” энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, 2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари ҳажми 8 000 МВтга етказилади. Бунинг натижасида юртимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ташкил этади. Бу йилига қарийб 3 млрд. куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда бугунги кунда юртимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб борлиги, келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт соатга ошиши кутилаётганлигини айтиб, бундай вазиятда энг самарали йўл уй, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш эканлигини таъкидлади. Биргина, тежалган газ билан йил давомида 1 миллион хонадонни табиий газ билан таъминлаш мумкин. Ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланиш мавжуд газ, электр, кўмир захираларидан иложи борича камроқ фойдаланишга замин яратади. Шунинг учун энергия тежамкор технологияларни такомиллаштириш, ишлаб чиқариш ва халқ хўжалигига жорий қилиш юқори наф келтиради. Хусусан, Ўзбекистон иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда энергия сақлаш тизимига эга бўлган қуёш фотоэлектр тизими орқали маҳаллий электр тармоғи билан параллел ҳолда ишлайдиган электромобилларни тез зарядлаш қурилмаси ишлаб чиқилган. Бу тизим йилига 32 минг кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 950 та электромобилни зарядлаш имконияти яратилади ҳамда 11,2 минг куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 19,8 тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.

Қуёш энергиясидан фойдаланиш баробарида янги иш ўринларини кенгайтириш мумкин. Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, қайта тикланадиган энергия сектори қазиб олинадиган ёқилғи секторига қараганда ишлаб чиқарилган электр энергияси бирлигига кўпроқ иш ўринларини яратиши мумкин. Масалан, қуёш энергияси ҳар бир МВт қувватга 11 тагача иш ўрни яратса, кўмир эса ҳар МВтга атиги 1-7 иш ўрни яратиши мумкин. Бу эса энергиядан фойдаланиш имкониятини яхшилаши, энергияга бўлган талабни қондириши билан бирга ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни яхшилаши мумкинлигини билдиради.

Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудлари шамолли ҳудуд эканлигини инобатга олиб, республикамиз учун аҳамиятга эга бўлган яна бир муқобил энергия манбаси бу шамол энергиясидир. Глобал шамол энергетикаси кенгаши (ГWЕC) маълумотларига кўра, шамол энергетикаси қуввати ҳам жаҳон миқёсида ўсиб бормоқда, бунда Хитой, АҚШ ва Германия каби давлатлар етакчилик қилади. Жаҳон статистикаси шуни кўрсатадики, шамол энергияси қуввати 2020 йилда 93 ГВт га ошган бўлса, 2026 йилга бориб 1123 ГВтга етиши кутилмоқда. Шамол энергияси ҳам иш ўринлари яратиши ва маҳаллий иқтисодиётни ошириш имконини беради.

Президентимиз Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлган учрашувларида 160 Мвтли қуёш панеллари ва 100 та микрогэслар қурилишини таъкидлади. Ушбу вазифалар негизида Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микрогэслар қурилиши бошланади.

Ижтимоий соҳа объектларида “қуёш энергияси”дан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу лойиҳага 200 миллион доллар маблағ ажратилиб, компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ва “яшил энергия”ни бюджет корхонасига сотади. Кичик қуёш панелидан олинадиган 1 киловатт-соат электр энергия таннархи ўртача 450 сўм, бюджет ташкилотига 800 сўмга сотиш мумкин.

Ҳар бир корхона ва жамоада ушбу афзалликларни англаб етадиган пайт келди, деб ўйлаймиз. Институтимиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, институт ўқув бинолари, талабалар турар жойлари ҳамда спорт бинолари учун 100 киловатт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган бўлса, жорий йил июнь ойига қадар умумий қувватти 230 киловатт қувватли қуёш панеллари ўрнатилади. Бу жамоамизнинг йиллик 660 минг кв/соат энергияга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш имкониятини беради.

Президентимиз Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Жиззах политехника институти профессори Ўринбой Йўлдошев билан шу масаладаги мулоқоти ҳам купчилик эътиборини тортди. У киши ўз таклифларини айтиб, технопарк қурилиши бошлангани, у ерда қуёш панеллари ишлаб чиқариш линияси мавжудлиги, хомашё келтириш учун 3,5 миллиард сўм маблағ зарурлигини айтди. Президентимиз Ў.Йўлдошевнинг таклифларини маъқуллаб, ортиғи билан маблағ таъминланишини таъкидлади.

Хулоса шуки, қуёш ва шамол энергияси глобал миқёсда сезиларли ўсишни ва харажатларни камайтиришни таъминловчи ягона ва истиқболли йўлдир.

Акбар Сафаров,

Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ректори.