Қуёш энергияси: Самарқандда имконият қандай?

2022 йил 1 октябрдан жисмоний шахслар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станциялари ва қуёш сув иситгичларини уч йил мобайнида фоизсиз бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олишлари мумкин.

Бу ҳақда Президентимизнинг 2022 йил 15 сентябрда қабул қилинган "Энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида айтилди.

Шунингдек, Фармонга кўра, шу каби қурилмаларни ўрнатган ва улар қийматини тўлиқ тўлаган шахслар харажатлари бир қисми Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси ҳисобидан тўланиши белгиланди. Компенсация миқдори қурилма қувватидан келиб чиққан ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 50 бараварини ташкил этади. Бу қулайликлар, албатта, муқобил энергия тармоғини ривожлантиришга ҳисса қўшади. 

- Республикамизда муқобил энергия турларидан фойдаланиш жуда долзарб масала ҳисобланади, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Тўрахон Ҳошимов. - Чунки углеводородли ёқилғилар - кўмир, газ, нефт захиралари камайиб бормоқда, иқтисодиёт, энергияга бўлган талаб ва аҳоли ўсиб бормоқда. Шу боис муқобил энергияга ўтиш зарурати туғилмоқда. Юзага келадиган энергия етишмовчилиги ўрнини қоплаш учун муқобил энергия турларини ривожлантириш зарур. Хусусан, қуёш энергияси. Ҳозирда республикамизда бу йўналишда катта ишлар амалга оширилмоқда. Дастлаб Навоий вилоятида 100 миллион кВтли, кейин вилоятимизнинг Нуробод туманида ҳам шунча кВтли қуёш станциялари қурилиб, ишга туширилди. Яна Нуробод туманида 100 миллион, Каттақўрғон туманида 200 миллион кВтли ҳамда Чўпонота массивида 100 миллион кВтли қуёш станциялари қурилиши олиб борилмоқда. Яқин келажакда Самарқандда 500 миллион кВтли станциялар қурилади.

Вилоятимиздаги аҳоли хонадонларида мингдан ортиқ қуёш панеллари ишлаб турибди. Бошқармамиз томонидан 18 та ижтимоий соҳа объектига бепул қуёш панеллари ўрнатиб берилди. Аҳолида қуёш панеллари ўрнатишга қизиқиш юқори, аммо бу қурилма ўрнатилганда қўшимча пул ёки солиқ тўлаш керак экан, деган нотўғри тушунча мавжуд. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон қонунчилигида қуёш панеллари ўрнатганлик учун ҳеч қандай пул тўлаш ёки солиқ олиш нормалари мавжуд эмас. Бу тизим республикамизда энергетика тармоғига кўмаклашиш ва атмосферага зарарни камайтириш учун татбиқ этилмоқда.

Бундан ташқари, шамол энергиясини ривожлантириш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Булунғур тумани Юқори нуқта ҳудудида ер сатҳидан 70 метр баландликда доимий шамол йўналишлари аниқланди. Ургут, Нуробод, Пайариқ туманларида 70 метр баландликда шамол генераторлари келтириб ўрнатилса, электр энергиясидаги муаммони бирмунча ҳал этиш имконияти мавжуд. Масалан, Германия, Нидерландияда шамол энергетикасидан фойдаланиш жуда яхши йўлга қўйилган. Хитойда 150 миллион аҳоли фақат қуёш станцияси энергиясидан фойдаланади. Яна гидростанциялардан ҳам самарали фойдаланилади. Вилоятимизда кичик гидростанциялардан 50 миллион кВт электр энергияси олинмоқда. 2021-2022 йилларда 6 та кичик гидростанция қурилиб, 250 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Шунингдек, биоэнергетика, келажакда водород энергетикаси ривожланиши кутилмоқда. Чунки водород энергетикаси ҳам экологик тоза энергия ҳисобланади. Тўғри, муқобил энергия тизимларининг нарх-навоси ҳозирда бироз қимматроқ. Бу муқобил энергия ускуналарининг импорт қилинаётгани билан боғлиқ. Лекин қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган заводлар очилса, бундай ускуналарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, нархлар табиий равишда арзонлашади. Яна бир қулай томони, қуёш панеллари ишлаб чиқариш учун тоза кварц қуми зарур. Бундай қум юртимизда жуда кўп.

Ўктам Худойбердиев.